Logo

Исломободдан табрик: Покистон-Ўзбекистон муносабатлари Янги – 2026 йилда янада юқори босқичга кўтарилади

Январ 02, 2026. 08:02 • 2 дақ

200
Исломободдан табрик: Покистон-Ўзбекистон муносабатлари Янги – 2026 йилда янада юқори босқичга кўтарилади

ИСЛОМОБОД, 5 январь. /“Дунё” AA/. Ўзбекистоннинг Покистондаги туризм бренди элчиси Ҳамид Маҳмуд Чаудри халқимизни Янги – 2026 йил билан табриклади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

– Мен Ўзбекистоннинг Покистондаги туризм бренди элчиси сифатида юртингизга кўп бораман. Сафарларим давомида Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидан ҳайратда қоламан. Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси бутун мамлакатни қамраб олган. Энг муҳими, бу ислоҳотларни Ўзбекистон халқи якдил бўлиб қўллаб-қувватламоқда. Албатта, бундай улкан ўзгаришлар мамлакат аҳолиси фаровонлигини ошишига ҳам хизмат қилаяпти.

2025 йил Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда ҳам туб бурилиш йили бўлди. Барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик мустаҳкамланди, жумладан, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун имкониятлар кенгайди. Покистон бизнесининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортаяпти.

Туризм йўналишида ҳам алоқаларимиз тобора ривожланяпти. Сўнгги йилларда Ўзбекистон покистонликлар учун энг оммабоп сайёҳлик йўналишига айланди. Покистон аҳолиси Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Хива шаҳарларининг қадимий обидалари ва маданий меросини кўришга катта қизиқиш билдиряпти. Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғ алломаларингиз мақбараларини зиёрат қилиш ҳар бир юртдошимнинг орзусига айланган, десам муболаға бўлмайди. Бу борада Исломобод-Тошкент, Тошкент-Лаҳор ўртасида йўлга қўйилган тўғридан-тўғри авиақатновлар қулай имконият яратмоқда. Жумладан, 2025 йилда Покистондан 10 мингдан ортиқ сайёҳ Ўзбекистонга борди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти, хусусан зиёрат туризми янада кўпроқ туристларни жалб этиш имконини беради. Бу борада, Янги йилда Ўзбекистон туристик салоҳиятини Покистонда янада тарғиб қилиш бўйича бир қатор ташаббуслар ва тарғибот тадбирларини амалга оширишни мақсад қилганмиз. Шунингдек, икки мамлакат туркомпаниялари, турагентликлари ўртасида ҳам яқин шериклик алоқаларини йўлга қўйиш орқали сайёҳлар алмашинувини ошириш, янги турпакетларни ишлаб чиқиш режаларимиз бор.

 Яна бир гап. Покистон Ўзбекистон муносабатлари бугун ёки кеча бошлангани йўқ, бизнинг тарихимиз, маданиятимиз, динимиз муштарак. Айнан ушбу умумийлик ўзбек ва покистон халқларини янада яқинлаштирмоқда. Ишончим комилки, Ўзбекистон – Покистон муносабатлари кириб келган Янги – 2026 йилда ҳам янада юқори босқичга кўтарилади.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон аҳолисини Янги – 2026 йил билан самимий табриклайман. Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатни ривожлантириш бўйича ўз олдига қўйган улкан мақсадларига эришишини, халқингизга эса фаровонлик тилайман. 

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Saidaliyeva

nargiza@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш