Logo

Россияда озодликдан маҳрум этилган ҳамюртлар билан учрашувлар ўтказилди

Март 08, 2026. 13:27 • 2 дақ

43
Россияда озодликдан маҳрум этилган ҳамюртлар билан учрашувлар ўтказилди

ВЛАДИВОСТОК, 8 март. /“Дунё” АА/. Бош консулхона ходимлари Хабаровск ўлкаси Амурск шаҳридаги 14-сонли, Комсомольск-Амур шаҳридаги 7-сонли ва Хабаровск туманидаги 13-сонли жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган 75 нафар Ўзбекистон фуқаролари билан консуллик учрашуви ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу муассасаларга амалга оширилган ташриф давомида бу ердаги маҳкумлар учун ажратилган турар-жой, умумий овқатланиш бинолари ва маданий хордиқ чиқариш учун ажратилган хоналар кўздан кечирилди.

Озодликдан маҳрум этилган Ўзбекистонлик маҳбуслар билан суҳбат давомида уларнинг аҳволи, саломатлиги, мавжуд муаммо ва камчиликлари ҳақида фикр алмашилди. Муассаса раҳбарияти ва ходимлари томонидан қийнаш ёки мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари бор-йўқлиги суриштирилди.

Маҳбуслар бугунги кунда муассасадаги шароитлар уларни қониқтираётгани, уларни қийнаётган жиддий муаммо мавжуд эмаслигини маълум қилди. Улар суд томонидан белгиланган жазо муддатининг қолган қисмини мамлакатимиздаги жазони ижро этиш муассасаларида ўташида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди.

Бош консулхона ходимлари ватандошларнинг мазкур мурожаати бўйича Россия ва Ўзбекистон ўртасида икки томонлама шартнома имзоланмагани сабабли, уларнинг қолган жазо муддатини юртимизда ўташи учун имконият йўқлигини таъкидлади.

Ҳамюртларимиз жазо муддатини ўтаётган вақтда чет эл давлати ҳарбий тузилмаларига ёлланган тақдирда, улар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тўғрисида эслатиб ўтилди.

Суҳбат якунида, ҳамюртларимизга Бош консулхона манзили ва телефон рақамлари бўйича маълумот тақдим этилиб, муаммолар юзага келган тақдирда алоқага чиқиши мумкинлиги тушунтириб ўтилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш