“UN Journal”: Тошкент инвестиция форуми янги стратегик имкониятлар майдонига айланади
Май 05, 2026. 18:25 • 2 дақ
• 76
СЕУЛ, 5 май. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг нуфузли “UN Journal” нашрида “Тошкент халқаро инвестиция форуми – 2026: Янги имкониятлар ва стратегик ҳамкорлик” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, Тошкент яна бир бор жаҳон бизнесининг диққат марказига айланиб, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ҳукумат вакиллари ва йирик инвесторларни ўз майдонида жамлайди. Бу галги форумда Янги Ўзбекистоннинг инвестиция сиёсати, юқори технологик ривожланиш йўналишлари ва яшил иқтисодиётга қаратилган стратегик ёндашуви намойиш этилиши кўзда тутилган.
Муаллиф Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги стратегик шериклик кўлами кенгайиб бораётганига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, корейс компаниялари мамлакатни энергетика, рақамлаштириш ва машинасозлик соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун Марказий Осиёдаги асосий давлат сифатида кўрмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан хорижий инвесторлар учун яратилаётган янги кафолатлар ва давлат активларини хусусийлаштириш бўйича белгиланган устувор йўналишлар юқори баҳоланган. Ислоҳотларнинг шаффофлиги ва барқарор иқтисодий ўсиш мамлакатни Евроосиё ҳудудидаги энг жозибадор сармоявий марказлардан бирига айлантирмоқда.
Мақола хулосасида Ўзбекистон ушбу нуфузли форумга пухта тайёргарлик кўраётгани, хорижлик экспертлар билан турли ҳамкорлик келишувлари имзоланиши режалаштирилаётгани таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси