Берлин марказида Ўзбекистон савдо уйи иш бошлади
Декабрь 08, 2025. 15:07 • 2 дақ
• 199БЕРЛИН, 9 декабрь. /“Дунё” AA/. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси томонидан Берлинда юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун “UZ Trade House Germany GmbH” биринчи савдо уйининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Германиялик ишбилармонлар ташаббуси ва кўмагида ташкил этилган шоу-румда Бундестаг аъзолари, иқтисодий компаниялар ва ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Савдо уйи Берлин шаҳрининг ташриф қоғози саналган машҳур Brandenburger Tor (Бранденбург дарвозаси) ёнидаги муҳташам “Adlon” меҳмонхонаси биносида фаолият юритади. Унинг пештахталарида Ўзбекистон тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, электротехника ва бошқа саноат тармоқларининг экспортбоп маҳсулотлари доимий равишда намойиш этилади.
Мамлакатимиз элчиси Дилшод Ахатов очилиш маросимида сўзга чиқиб, Берлин марказида очилган “UZ Trade House Germany GmbH” савдо уйига Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Германиядаги расмий ҳамкори мақоми берилганини таъкидлади. У бу савдо уйи очилишида жонбозлик кўрсатган немис тадбиркорларига миннатдорлик билдириб, янги платформа Германия бозорида юртимизда ишлаб чиқарилган турли маҳсулотлар ва хомашёлар экспортини кенгайтиришга хизмат қилишини қайд этди.
Шунингдек, Германия Бундестаги депутати, парламентнинг иқтисодиёт ва энергетика қўмитаси аъзоси Саскиа Людвиг, “UZ Trade House Germany” савдо уйи раҳбари Жон Бакос, Германия кичик ва ўрта бизнес федерал уюшмаси раҳбари Андреас Ян сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган изчил ва самарадор ислоҳотлар туфайли юртимиз иқтисодий ва савдо салоҳияти юксалиб бораётгани, натижада европалик тадбиркорлар қаторида немис компанияларининг мамлакатимиз билан ҳамкорликка қизиқиши ортаётганини таъкидлади. Айнан Германия пойтахтининг марказида Ўзбекистон савдо уйининг очилиши бунинг амалдаги исботи эканини эътироф этди.
Ўзбекистон савдо уйи “Made in Uzbekistan” бренди остида ишлаб чиқарилган тўқимачилик, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, электротехника ва бошқа соҳа маҳсулотларини Германия бозорига етказиб беришда ўзбек ва немис компаниялари орасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаради ҳамда икки мамлакат бизнес вакиллари ўртасида ҳамкорлик ўрнатишга кўмаклашади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистон билан чармсаноат бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади
Германия билан инновация соҳасида янги лойиҳалар йўлга қўйилади
Ўзбекистон–Покистон ўртасида банклараро ҳамкорлик алоқалари ривожлантирилади
Карачида “Ўзбекистон–Покистон саноат зонаси”ни барпо этиш бўйича келишувга эришилди










