2025 йилда Ўзбекистон хориждан рекорд даражадаги 11,7 миллион сайёҳни қабул қилди
Январ 18, 2026. 12:43 • 2 дақ
• 154
ТОШКЕНТ, 18 январь. /“Дунё” АА/. 2025 йилда Ўзбекистонга 11,7 миллион чет эл фуқароси туристик мақсадларда ташриф буюрган, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, бу кўрсаткич рекорд даражага етди ва мамлакатга халқаро қизиқишнинг барқарор ўсишини яққол акс эттирди.
2024 йилга нисбатан сайёҳлар оқими 3,7 миллион кишига кўпайиб, 46,8 фоизни ташкил этди. Сезиларли ўсиш туризм инфратузилмасини ривожлантириш, виза режимини либераллаштириш, халқаро авиақатновларни кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини хорижда фаол тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар билан таъминланди.
2025 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони бўйича Топ-10 мамлакат:
Қирғизистон - 3,3 миллион киши,
Тожикистон - 2,7 миллион,
Қозоғистон - 2,7 миллион,
Россия - 984,4 минг,
Афғонистон - 476,7 минг;
Туркманистон - 370 минг,
Хитой - 278,9 минг;
Туркия - 174,9 минг,
Ҳиндистон - 80,8 минг;
Корея Республикаси - 46,3 минг.
Марказий Осиё, МДҲ, Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларидан сайёҳлар оқимининг ўсиши Ўзбекистоннинг минтақадаги асосий сайёҳлик марказларидан бири сифатидаги роли ортиб бораётганидан далолат беради.
Эришилган кўрсаткичлар Ўзбекистон бой тарихий-маданий мерос, замонавий инфратузилма ва анъанавий меҳмондўстликни барқарор ривожланиш ва халқаро ҳамкорликнинг кучли драйверига айлантириб, жаҳон сайёҳлик харитасида ўз ўрнини ишончли мустаҳкамлаётганини тасдиқлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси