Ўзбекистон ва Швеция ҳамкорлиги кун тартибида динлараро мулоқот ва бағрикенглик масалалари
Март 29, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 149
СТОКГОЛЬМ, 29 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар бошчилигидаги делегациянинг Швецияга ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида динлараро мулоқот, бағрикенглик ва ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор муҳим учрашувлар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Швеция парламенти — Риксдаг раиси ўринбосари Юлия Кронлид, “Швеция – Марказий Осиё” парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари Бёрн Сёдер, Швеция ТИВнинг динлараро мулоқот бўйича махсус вакили, элчи Кристиан Камил, Динлараро мулоқот кенгаши аъзолари, Стокгольм масжиди бош имом-хатиби Маҳмуд Халфи ҳамда Стокгольм черковлари вакиллари билан музокаралар ўтказилди.
Швеция томони Ўзбекистонда турли конфессия вакиллари учун ягона оила муҳитини яратиш, диний бағрикенглик ва миллатлараро дўстликни рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган сиёсатни юқори баҳолади. Қайд этилганидек, ушбу соҳадаги амалий чора-тадбирлар Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Музокаралар давомида тегишли давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, қўшма тадбирлар ва пилот лойиҳаларни амалга оширишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.
Олий Мажлис депутати Дилором Файзиева Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш бўйича қатор янги ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, икки мамлакат парламентларида фаолият юритаётган дўстлик гуруҳлари доирасида ушбу ташаббусларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Учрашувлар якунида томонлар диний ва маърифий соҳаларда тажриба алмашиш ҳамда халқаро майдонда бағрикенглик ғояларини биргаликда тарғиб қилишга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси