Польшанинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик бўйича дастлабки келишувларга эришилди
Декабрь 21, 2025. 13:23 • 2 дақ
• 194ЖЕШУВ, 23 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Польшанинг Подкарпат воеводалигига ташриф буюриб, қатор самарали музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, ташриф давомида Подкарпат воеводелиги маршалининг ўринбосари Кароль Ожог билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида у Ўзбекистон элчихонасига ўзи бошчилигидаги делегациянинг жорий йил июнь ойида мамлакатимизга ташрифини ташкил этишда кўрсатган амалий ёрдами учун алоҳида миннатдорлик билдирди. Шунингдек, польшалик ишбилармонларнинг IV Тошкент халқаро инвестиция форумида муваффақиятли иштирок этгани, Сурхондарё вилояти ҳокими, “Термиз” халқаро савдо маркази ва Ўзбекистон университетлари раҳбарияти билан самарали учрашувлар ўтказилгани қайд этилди.
Учрашувда томонлар 2026 йилнинг февраль–март ойларида Подкарпат воеводелигидан Сурхондарё вилоятига яна бир бизнес миссиясини юбориш бўйича келишиб олди.
Шу билан бирга, Жешув шаҳрида Подкарпат воеводлиги маршали офиси ҳамкорлигида “Ўзбекистонда бизнес қилиш” мавзусида бизнес-форум ташкил этилди.
Унда Подкарпат воеводелиги маршали ўринбосари Кароль Ожог, Инвестициялар ва савдо агентлиги (PAIH), Ҳудудларни ривожлантириш агентлиги, Инвесторлар ва экспортчиларга хизмат кўрсатиш маркази, ҳудудий Савдо-саноат палатаси вакиллари, “Fireflies”, “Customs Clearance Services Poland” ва “Poplonski Trading Company” каби таниқли компания раҳбарлари иштирок этди.
“B2B” ва “G2B” форматида ташкил этилган музокараларда “яшил” иқтисодиётга ўтиш, фармацевтика, авиация, қурилиш, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик, кимё саноати, геология, туризм, меҳнат миграцияси, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш каби устувор йўналишларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Мазкур анжуман Польшанинг “Fireflies”, “Customs Clearance Services Poland”, “Poplonski Trading Company”, “LN”, “Mieleckie Zaklady Lotnicze”, “ASMG”, “OCG” каби компаниялари раҳбарларида Термиз халқаро савдо марказида ўз дўконларини очишга катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир якунида “8FOUNDRY” компанияси вакиллари телекоммуникациялар, ахборот технологиялари, киберхавфсизлик, “ақлли шаҳарлар” учун ечимлар, космик технологиялар, саноат ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш юзасидан музокаралар ўтказиш учун Ўзбекистонга бизнес миссиялар ташкил этилишини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Берлинда Ўзбекистоннинг минерал-хомашё салоҳияти тақдим этилди
Польша билан қишлоқ хўжалиги соҳасида қатор келишувларга эришилди
Ўзбекистон ва Туркия савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказмоқчи




