Ўзбекистон Биринчи хоними Малайзия Қироличаси билан учрашди
Май 05, 2026. 11:55 • 2 дақ
• 320
ТОШКЕНТ, 5 май. /“Дунё” АА/. Тошкентда Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева мамлакатимизга ташриф буюрган Малайзия Қироличаси Ража Зарит Софиа билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Биринчи хонимнинг telegram-канали маълумотига кўра, учрашув доирасида олий мартабали меҳмон ўзбек амалий санъати, ноёб ижод намуналари, миллий либослар билан танишди, шунингдек, халқимизнинг бой анъана ва урф-одатлари ҳақида батафсил маълумот олди.
Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган суҳбат давомида хонимлар Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш, маданий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Эслатиб ўтамиз, Қиролича Ража Зарит Софиа Ўзбекистонга Малайзия технология университетининг фахрий раиси сифатида ташриф буюрган. Унинг Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизациясида илмий анъана: манбалар, долзарб масалалар ва салоҳият” мавзусидаги илмий-амалий анжуманда нутқ сўзлаши кутилмоқда.
Бундан ташқари, олий мартабали меҳмон ташриф доирасида мамлакатнинг бой исломий тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишиш учун Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига боради.
Дастурдан Малайзия мусулмонлари орасида алоҳида ҳурматга сазовор бўлган муҳим зиёратгоҳлардан бири – Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш алоҳида ўрин олган.
Малайзия Қироличаси Ража Зарит Софианинг Ўзбекистонга ташрифи 8 майгача давом этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси