Logo

Москвадан муносабат: Россия–Ўзбекистон бизнес ҳамкорлиги барқарор ривожланмоқда

Декабрь 29, 2025. 11:21 • 2 дақ

122
Москвадан муносабат: Россия–Ўзбекистон бизнес ҳамкорлиги барқарор ривожланмоқда

МОСКВА, 29 декабрь. /“Дунё” АА/. Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларини ўрганиш маркази катта илмий ходими, Замонавий Туркияни ўрганиш маркази директори Амур Гаджиев “Дунё” АА учун интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси ҳақида фикр билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида нафақат ўтиб бораётган 2025 йил якунларини сарҳисоб қилди, балки мамлакатда сўнгги тўққиз йил давомида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларига ҳам баҳо берди. Ўзбекистон раҳбари келтирган рақамлар ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли. Ўзбекистон камбағаллик ва ишсизликка қарши курашиш бўйича юқори натижаларга эришди, энергетика соҳасида сезиларли ютуқлар қўлга киритилди, мамлакатда сув таъминоти сезиларли даражада яхшиланди, йирик ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилмоқда.

Ўзбекистон етакчисининг фикрича, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар, устувор йўналишларни қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Ўзгаришлар мамлакатнинг сўнгги йилларда эришган ютуқларини ҳисобга олган ҳолда янада юқори даражага кўтарилди. Агар, илгари 2030 йилга бориб мамлакат ялпи ички маҳсулотини 160 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган бўлса, энди бу даража 50 фоиздан кўпроққа ошиб, 240 миллиард доллардан ошиши мумкин. Бундан ташқари, тузатишлар жамоатчилик билан келишилган ҳолда киритилиши кўзда тутилган. Бу шундан далолат берадики, давлатнинг жадал ривожланиши ўзбек фуқароларининг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган инсонпарвар ёндашувлар асосида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон етакчиси ташқи сиёсатга тўхталар экан, дунёдаги геосиёсий ва иқтисодий таҳдидларга қарамай, уни мувозанатли ва очиқ сақлаш муҳим эканини қайд этди. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Россия Ўзбекистоннинг асосий хорижий ҳамкорларидан биридир. Ҳозирги вақтда икки мамлакат иқтисодиётнинг деярли барча соҳаларига тегишли бўлган кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бу Россия–Ўзбекистон бизнес ҳамкорлигининг барқарор ривожланишидан далолат беради.

Тошкент нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилот ҳамда институтлар билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган. Бундай асосий ташкилотлар сифатида МДҲ ва ШҲТ ажратиб кўрсатилган. Шу боис, Ўзбекистон келгуси йилда ҳам ушбу халқаро тузилмалар доирасида шериклик алоқаларини кенгайтиришда давом этади, деб тахмин қилиш мумкин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Rakhataliyeva

rakhataliyeva@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш