Logo

Париж шаҳрида Ўзбекистон фуқаролик жамияти ташкилотлари делегацияси иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди

Апрель 18, 2025. 11:51 • 3 дақ

94
Париж шаҳрида Ўзбекистон фуқаролик жамияти ташкилотлари делегацияси иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди

ПАРИЖ, 21 апрель. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш бўйича "Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Франция эксперт доиралари вакиллари Ўзбекистонда шаффоф демократик жамият яратишга қаратилган кенг кўламли сиёсий ислоҳотлар билан таништирилди.

Ўзбекистон элчиси Нодир Ғаниев ўз нутқида, мамлакатимиз фуқаролик жамияти ташкилотлари делегациясининг ташрифи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга тарихий давлат ташрифидан сўнг дарҳол рўй бераётгани, бу ташриф давомида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Элчихонада бўлиб ўтган тадбир Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда барча соҳаларда, хусусан, демократик ва ижтимоий ривожланиш соҳасидаги ютуқларини тақдим этиш, сиёсий мулоқот ва гуманитар алмашинувларни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ўзбек-француз муносабатларининг истиқболли йўналишларини таҳлил қилиш ҳамда эксперт ва таҳлилий марказлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик йўлларини аниқлаш учун яхши имконият яратади.

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази директори, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаев мамлакатимизда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш чора-тадбирларини ўз ичига олган "Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Мамлакатимизда 2021-2025 йилларда Ўзбекистон фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳаётга татбиқ этилаётгани, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиб, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўрни ва фаоллиги мустаҳкамланаётгани таъкидланди.

Европада истиқболлар ва хавфсизлик институти (IPSE) директори Эммануэль Дюпюи ўз навбатида, Франция экспертлар ҳамжамияти Президент Шавкат Мирзиёевнинг Парижга амалга оширган давлат ташрифи якунлари бўйича Ўзбекистон фуқаролик жамияти делегациясининг ташрифини олқишлашини таъкидлади.

"Биз ўзбекистонлик экспертларнинг Францияга ташрифини мамлакатларимизни бирлаштирган стратегик шерикликни тўлдириш, мустаҳкамлаш ва кенгайтириш зарурати контекстида кўриб чиқяпмиз. Гап, шубҳасиз, анъанавий тарзда бир-бирига тўғри келадиган соҳалар – ижтимоий масалалар, иқтисодий интеграция, инвестиция жозибадорлиги ҳақида бормоқда. Аммо шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу муносабатлар фақат иқтисодий ҳамкорлик билан чекланиб қолмайди. Бу икки халқ ўртасидаги чуқурроқ муносабатлар, Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эммануэл Макрон ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва ўхшаш позициялардан анча узоқроққа чўзилган алоқадир. Етакчиларимиз ислоҳотлар тарафдори, кучлар мувозанатини сақлаш ва ўз етакчилигини мустаҳкамлашга интилмоқда – Европада Эммануэл Макрон, Марказий Осиёда Шавкат Мирзиёев. Марказий Осиёдаги энг стратегик давлат сифатида Ўзбекистон барқарорлиги ва фаровонлиги бутун минтақа ва умуман халқаро хавфсизлик учун катта аҳамиятга эга", деди у.

Муҳокамалар чоғида фуқаролик жамияти ташкилотлари делегацияси аъзолари Франция томонини қизиқтирган саволларга жавоб берди. Ўзбекистон фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувидаги фаол иштироки учун мамлакатимиз раҳбарияти томонидан яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида сўзлаб бердилар.

Жан-Антуан Дюпрат, Европа истиқболлари ва хавфсизлиги институти эксперти:

– Мен Ўзбекистонга илк бор 2014 йилда борган эдим. Ўшандан бери анча мамлакатда иқтисодий тараққиёт, сиёсий ва институционал тизим эволюцияси, фуқаролик жамияти ролининг ошиши, очиқлик ва савдони эркинлаштириш жараёнларини кузатаман. Бугун биз Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли сезиларли даражада ошганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 9 мингга яқин нодавлат нотижорат ташкилотлар бор ва бу жуда муҳим. Улар иқлимни муҳофаза қилишдан тортиб, ижтимоий ҳамжиҳатликка қадар, жумладан, маданий масалалар ва бошқа кўплаб соҳаларда муҳим фаол ишлаяпти.

Ушбу ташкилотлар, жумладан, Парижга келганлар ҳам француз тажрибасини ўрганиш ва ўзлаштириш, маслаҳат олиш, ишлар қандай ташкил этилганини кўриш, энг яхшисини олиш ниятида, чунки бизда маълум ўзгаришлар ва тарихий тажриба бор.

Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг чинакам муваффақиятли тараққиёти ва янада кенгроқ байналмилаллашув сари интилаётганидан далолатдир. Унинг Европа ва Франция билан алоқалари, иқтисодий, маданий, ижтимоий ёки илмий соҳаларда бўлсин, кўплаб уюшмалар ва ташкилотлар орқали фуқаролик жамиятининг юксалиши катта аҳамиятга эга. Буларнинг барчаси, албатта, жуда жиддий ютуқлардир.

Бундай ҳамкорлик барча томонларга фойда келтиради ва мен Париждаги ушбу учрашувда иштирок этганимдан жуда мамнунман.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш