Ўзбекистоннинг бой маданияти ва сайёҳлик салоҳияти Бишкекда ўтказилган дипломатик хайрия ярмаркасида намойиш этилди
Май 18, 2025. 13:52 • 2 дақ
• 52
БИШКЕК, 19 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этилган баҳорги дипломатик хайрия ярмаркасида иштирок этишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир давомида Ўзбекистон, Ҳиндистон, Япония, Хитой, Россия, Мўғулистон, Германия, Туркия, Эрон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қатар каби давлатлар ўзининг бой маданияти ва анъаналарини намойиш этди.
Хайрия ярмаркаси доирасида мамлакатимиз маданияти, анъаналари ва сайёҳлик имкониятларини тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон павильони ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилди.
Иштирокчиларга юртимизда сайёҳлар учун яратилган имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот берувчи тақдимот материаллари, буклетлар ва рисолалар тарқатилди. Шунингдек, элчихона ходимлари ва уларнинг оила аъзолари томонидан ўзбек миллий таомлари тайёрланди ва тарқатилди.
Таъкидлаш жоизки, ўзбек павильони меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Йиғилганлар мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига бориш ва бой маданий меросини кўриш истагини билдирдилар.
Ярмарканинг маданий қисмида дипломатлар ва санъат усталари томонидан концерт дастури тақдим этилди. Жумладан, Қирғизистондаги Ўзбек миллий маданий маркази ёш санъаткорлари ижросидаги ўзбек миллий қўшиқлари ва рақслари иштирокчиларга катта таассурот қолдирди.
Ярмаркага ташриф буюрган Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев Ўзбекистон павильонини юқори баҳолади ва мамлакатимиз дипломатларига иштирок учун миннатдорлик билдирди.
Мазкур ярмаркадан тушган барча маблағлар Қирғизистондаги болалар уйларига йўналтирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди