Logo

Буюк Британия парламентида Транскаспий йўлагига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

Апрель 23, 2025. 18:55 • 2 дақ

205
Буюк Британия парламентида Транскаспий йўлагига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

ЛОНДОН, 23 апрель. /"Дунё" АА/. Буюк Британия парламенти Лордлар палатасида Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича минтақавий алоқаларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Каспий сиёсат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди ва кенг доирадаги иштирокчиларни, жумладан, Буюк Британия ва Каспий минтақасининг расмий, ишбилармон ва эксперт доиралари вакилларини  жамлади.


Муҳокамалар транспорт, энергетика, барқарор таъминот занжирлари ва муҳим фойдали қазилмалар соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини қамраб олди. Транскаспий йўлагининг ўрни, шунингдек, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг глобал логистика ва энергетика барқарорлигини таъминлашдаги аҳамияти ортиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди.


Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, транспорт ва энергетика соҳаларида стратегик устувор вазифалар ҳақида батафсил маълумот берди. Ўзбекистон Президенти томонидан халқаро майдонларда, жумладан, Самарқанд халқаро иқлим форуми  ва "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" саммитида илгари сурилган муҳим ташаббуслар ҳақида таъкидланди. Асосий эътибор "яшил" энергия, барқарор логистика марказлари ва сув дипломатиясини ривожлантиришга қаратилди.


Шунингдек, иштирокчиларга Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган бир қатор муҳим халқаро тадбирлар, жумладан, БМТ Давлат хизматлари форуми ва "Марказий Осиё – КАДҲК"  саммити ва бошқа анжуманлар тўғрисида маълумот берилди.


Анжуман халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлашга қизиқиши жуда юқори эканини намоён этди. Иштирокчилар минтақа давлатларининг транспорт ва энергетика йўналишларини диверсификация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, шунингдек, барқарор, ўзаро боғлиқ ва экологик тоза глобал иқтисодиётни шакллантиришда тўлақонли иштирокчилар сифатидаги роли ортиб бораётганини таъкидладилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш