Япониянинг Фунабаши шаҳрида Ўзбекистон салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди
Ноябрь 26, 2024. 01:26 • 3 дақ
• 94
ФУНАБАШИ, 26 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Япониянинг Чиба префектурасининг Фунабаши шаҳрида "Ўзбекистон салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ташкил қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тақдимот Япония билан ҳудудлараро муносабатларни ривожлантириш, Ўзбекистон савдо-иқтисодий ва туристик салоҳияти ҳамда маданияти кенг тарғиб қилиш мақсадида уюштирилди.
Тадбир шаҳар маъмурияти томонидан доимий равишда ўтказилиб келинаётган "Хорижий давлатлар билан танишув" дастури доирасида ўтказилди.
Унда Фунабаши шаҳри мэри Мацудо Тоору ва унинг ўринбосарлари, Фунабаши халқаро ҳамкорлик жамияти раиси Каки Хироши ва шаҳарнинг етакчи ишбилармон ва маданий доиралари вакиллари иштирок этди.
Шаҳар мэри Мацудо Тоору ўз нутқида, Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти, табиати ва миллий таомлари ҳақида тўхталди. Шунингдек, ушбу тадбир шаҳар аҳолиси учун Ўзбекистон тўғрисида батафсил маълумот олиш учун ажойиб имконият эканлигини таъкидлади. Фунабашида кўплаб Ўзбекистон фуқаролари истиқомат қилиши, уларнинг аксариятини меҳнатсевар, илм ва янги кўникмаларга чанқоқ ёшлар ташкил этиши билдирилди.
Фунабаши халқаро ҳамкорлик жамияти раиси Каки Хироши мазкур тадбир ўн еттинчи бор ўтказилаётганини, шаҳар аҳолиси орасида унга қизиқиш жуда юқори бўлаётганини таъкидлади. У тадбир доирасида ташкил қилинган Ўзбекистон миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ўзининг бетакрорлиги, нафислиги ва ранг-ранглиги билан барчани ҳайратда қолдирганини, кўплаб иштирокчиларда Ўзбекистонга ташриф буюриш истаги пайдо бўлганини айтиб ўтди.
Элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ўз сўзида, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари тўғрисида батафсил маълумот берди. Хусусан, бугунги кунда савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, ҳудудлараро муносабатлар тобора ривожланаётгани, 2019 йилда давлатимиз раҳбарининг Японияга амалга оширган расмий ташрифи ушбу алоқаларни жадаллаштиришга муҳим замин яратгани қайд этилди. Шунингдек, юртимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, улар ортга қайтмас тус олганлиги ва ўз самарасини бераётгани алоҳида қайд этилди.
Тадбир доирасида иштирокчилар эътиборига юртимиз тарихи, табиати, қадимий обидалари, миллий урф-одатлари ва таомлари, шунингдек, инвестицион ва туризм салоҳияти ҳақидаги тақдимот тақдим этилди.
Анжуманнинг маданий қисмида япониялик таниқли санъаткор, 2024 йилги "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалининг 3-ўрин соҳибаси Машу Комазаки томонидан ижро этилган ўзбек миллий куйлари ва "Гулистон" рақс ансамбли томонидан намойиш этилган ўзбек рақслари иштирокчиларга катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, тадбир доирасида ўзбек халқ амалий санъати ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, хусусан, каштачилик, кулолчилик, мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги, гиламчилик, миллий матолар ва кийимлар кўргазмаси ташкил қилинди.
Мамлакатимиз элчихона ташаббуси билан юртимизга япон сайёҳлари оқимини ошириш мақсадида таниқли япон фотографи Жин Акино ва Ўзбекистон маданияти ва туризми жамияти билан ҳамкорликда жорий йилда илк маротаба ўтказилган "Ўзбекистон япон сайёҳлари нигоҳида" номли фотосуратлар танлови якунлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Унда энг юқори баҳоланган 15 та сурат ҳам йиғилганлар эътиборига тақдим қилинди.
Имамура Шуничи, Фунабаши халқаро ҳамкорлик жамияти ижрочи директори:
– Ўзбекистон тақдимотига кўплаб Фунабаши шаҳри аҳолиси келди. Юртингиз тарихи, бетакрор обидалари ва табиати, ўзбек ва япон халқлари ўртасидаги тарихий ришталар тўғрисида батафсил маълумот олдик. Бугунги тадбир биз учун чинакам байрам бўлди, десам муболаға бўлмайди. Ўзбекистон ихлосмандлари ва мухлислари Фунабашида кўпайди, деб ишонч билан айта оламан. Менда ҳам Ўзбекистон бориш истаги туғилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди