Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Ар-Риёз вилояти амири билан учрашди
Май 03, 2026. 20:01 • 2 дақ
• 207
ТОШКЕНТ, 3 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Ар-Риёз вилояти амири шаҳзода Файсал бин Бандар Ол Сауд билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Тарихий ва замонавий Ар-Риёз шаҳрида ушбу минтақа Амири, шаҳзода Файсал бин Бандар Ол Сауд Ҳазрати Олийлари билан учрашиш биз учун катта шараф бўлди, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Делегациямизга кўрсатилган илиқ меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлик билдириб, бу эътибор Подшоҳликнинг олийжаноб анъаналари ва саховатини яққол намоён этишини таъкидладик.
Мамлакатларимиз ўртасида ишонч ва дўстликка, шунингдек тараққиёт ва фаровонликка бўлган умумий интилишларга асосланган муносабатлар тобора мустаҳкамланиб бораётганини юқори баҳоладик.
Ҳамкорликни янада ривожлантириш ва алоқаларга янгича мазмун бағишлаш, жумладан минтақавий даражада ҳам кенгайтиришга қатъий интилишимизни тасдиқладик.
Ўзаро манфаатли устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёр эканимизни билдирдик”.
“Дунё” АА олган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси