Logo

Деҳлидан муносабат: Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммити барқарор, ўзаро боғлиқ ва фаровон минтақани қуриш жараёнида муҳим босқич бўлади

Ноябрь 15, 2025. 15:31 • 5 дақ

246
Деҳлидан муносабат: Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммити барқарор, ўзаро боғлиқ ва фаровон минтақани қуриш жараёнида муҳим босқич бўлади

ДЕҲЛИ, 15 ноябрь. /"Дунё" АА/. Жаваҳарлаъл Неру университети Халқаро тадқиқотлар мактабининг Россия ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази (Ҳиндистон) профессори Санжай Кумар Пандей "Дунё" ААга Марказий Осиёда изчил ривожланаётган минтақавий ҳамкорлик жараёни ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини тақдим қилди.

- Марказий Осиё Европа ва Осиё туташган жойда, Шарқни Ғарб билан, Шимолни Жануб билан боғлаб туради, — дея изоҳ берди ҳинд эксперти. — У Евроосиё материгининг қоқ марказида жойлашган. Тарихан мазкур минтақа буюк жаҳон цивилизациялари кесишган жой бўлган. Буюк ипак йўли қадимда минтақани муҳим савдо ва тижорат марказига айлантирган. Унинг аҳамияти, шунингдек, бой табиий ресурслар, айниқса углеводородлар ва фойдали қазилмалар захиралари, геосиёсий мавқеи, Хитой ва Россия каби етакчи давлатлар билан қўшнилиги, шунингдек, АҚШ, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, Туркия ва Эрон каби кучларнинг минтақа давлатлари билан муносабатларни ривожлантиришга қаратаётган саъй-ҳаракатлари билан белгиланади.

Марказий Осиё Европа ва Осиё ўртасида стратегик жиҳатдан муҳим қуруқлик кўприги бўлиб хизмат қилгани сабабли, минтақада иқтисодий интеграция ва сиёсий барқарорлик нафақат унинг саксон миллион аҳолиси фаровонлиги учун, балки Марказий Осиё қўшнилари учун ҳам ўта муҳим эканлиги тўғрисида кенг консенсус мавжуд. 2005 йилда нашр этилган БМТ Тараққиёт дастури ҳисоботида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги кенгроқ минтақавий ҳамкорлик савдо харажатларини камайтириш, меҳнат муҳожирларидан пул ўтказмаларини кўпайтириш ва сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш моделларини яхшилаш орқали улкан фойда келтириши таъкидланган эди. Унда, агар қўшнилар бир-бирига савдо ҳамкорлари сифатида муносабатда бўлса, расмий ва норасмий тариф тўсиқларини олиб ташласа ва ўзаро ҳамкорликка кўмаклашиш учун институционал ва сиёсий тузилмаларни яхшиласа, кенгроқ ҳамкорлик билан Марказий Осиё тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун жозибадор манзилга айланиши мумкинлиги башорат қилинган.

Илгари Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни назардан соқит қилган кўплаб экспертлар 2016 йилдан бери кузатилаётган минтақавий ҳамжиҳатликнинг қайта тикланишидан ҳайратга тушмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги кўп қиррали алоқаларнинг ушбу ижобий тенденцияси қатор ўзаро боғлиқ омиллар билан изоҳланади.

Биринчи омил – бу Европа ва Осиё ўртасидаги савдонинг ўсиши. Марказий Осиё давлатлари ушбу транзит савдоси афзалликларидан ўзларининг иқтисодий ва божхона сиёсатини мувофиқлаштириш, шунингдек, узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган сиёсий муаммоларни ҳал қилиш орқали тўлиқ фойда олиши мумкинлигини англаб етди.

Марказий Осиёнинг икки йирик давлати – Ўзбекистон ва Қозоғистондаги ижобий ўзгаришлар, уларнинг янги раҳбариятлари кенг қамровли ислоҳотларни бошлагани ва ташқи дунёга очилгани минтақавий шериклик ривожига жиддий туртки берди.

Ўзбекистон бу борада етакчи ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ҳокимият тепасига келгач, «биринчи навбатда қўшничилик» стратегиясига эътибор қаратган ҳолда барча соҳаларни қамраб олган улкан ислоҳотлар дастурини ҳаётга тадбиқ қила бошлади. Ушбу омиллар ва янги шаклланган ўзаро ишонч самарасида Марказий Осиё давлатлари мулоқот даражасини оширди, жадаллашган минтақавий ҳамкорлик ва чуқур иқтисодий интеграция йўлига юзланди.

Шунингдек ўқинг

2018 йилда Остонада бўлиб ўтган биринчи саммит муҳим босқич бўлди, чунки давлат раҳбарлари Марказий Осиёдаги мамлакатлараро муносабатларга янги суръат бериш учун йигирма йиллик танаффусдан сўнг биринчи марта тўлиқ таркибда тўпланишди. Бир ёки бир нечта мавзу билан чекланган аввалги саммитлардан фарқли ўлароқ, бу сафарги олий даражадаги маслаҳат учрашуви ҳар томонлама қамровли бўлди. Шунингдек, мазкур мулоқот ташқи кучларнинг қўллаб-қувватлаши ёки иштирокисиз амалга оширилган биринчи бундай ташаббус эди. Саммит Марказий Осиё давлатлари табиий ресурсларни бошқариш, чегараларни делимитация қилиш, иқлим ўзгариши, алоқаларнинг паст даражаси, сифатсиз инфратузилма ва бошқа умумий муаммоларни жамоавий ҳал қилиш ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг янги йўналиши ва моделини танлаши учун ишончли майдончага айланди.

Тошкентда бўлиб ўтадиган навбатдаги саммит барқарор, ўзаро боғлиқ ва фаровон минтақани қуриш жараёнидаги яна бир муҳим босқич бўлади. Чегара масалаларининг тўлиқ ҳал этилиши ушбу мамлакатлар ўртасидаги сарҳад чизиқларини дўстлик ва ҳамкорлик кўприкларига айлантирди. Сув ресурслари ва энергетика соҳасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини биргаликда амалга ошириш, Тошкент ва Бишкек ўртасида Чашма манбасидан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ўртасида Баҳри Тожик сув омборидан вегетация даврида биргаликда фойдаланиш ва бошқа қатор келишувларга эришилди. Ушбу ҳужжатлар минтақадаги сув ва энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланишнинг муваффақиятли намунаси бўлди.

2023 йилда Душанбеда бўлиб ўтган бешинчи маслаҳат учрашувида давлат раҳбарлари томонидан эришилган келишувларни амалга ошириш учун доимий механизм сифатида Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгаши тузилди. Бу институционаллашув жараёнидаги муҳим қадамдир. 2024 йилги Остона саммитида қабул қилинган ва узоқ муддатли устувор йўналишларни белгилаб берувчи «Марказий Осиё-2040» минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш концепциясининг аҳамияти ҳам салмоқлидир.

Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида сўнгги саккиз йил ичида Марказий Осиё мамлакатларининг жами ялпи ички маҳсулоти 2,5 баробар ошиб, 520 миллиард долларга етди, ташқи савдо эса икки баробардан кўпроқ ўсиб, 253 миллиард долларни ташкил қилди. Минтақа ичидаги савдо икки баробар ошиб, қарийб 11 миллиард долларга етди, ўзаро инвестициялар эса 5,6 баробар кўпайди. Жумладан, Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорлар билан савдо ҳажми 2016 йилдаги 2,4 миллиард доллардан 2024 йилга келиб 7,2 миллиард долларгача уч баробар ошди, қўшма корхоналар сони эса 1800 тадан ортди. Марказий Осиёнинг йиллик ўртача 6% атрофидаги саноат ўсиши дунёдаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар юқори. Шу каби, минтақа ичидаги туризм ҳозирда умумий сайёҳлар оқимининг 80% дан кўпини тақил қилмоқда.

Оддий инсонлар ўртасидаги алоқалар ва гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам мустаҳкамланмоқда. Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти ва Минтақавий ёшлар платформаси ишга туширилди. 2022 йилдан бошлаб Ректорлар ва олимлар форумлари, Маданият йиллари, кўргазмалар, концертлар ва спорт тадбирлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

Ушбу ташаббуслар туфайли янги минтақавий ўзига хослик шаклланмоқда. Марказий Осиёнинг халқаро-ҳуқуқий мақоми ва унинг ягона минтақа сифатида эътироф этилиши ўндан ортиқ муҳим давлат ва бирлашмалар иштирокидаги «Марказий Осиё плюс» мулоқоти билан тасдиқланмоқда. Трансафғон темир йўли ва Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон билан конструктив ҳамкорлик ва ривожланиш шериклиги бўйича саъй-ҳаракатлари уларнинг кенгайтирилган минтақага бўлган ишончи ва ижобий ёндашувини намойиш этмоқда.

Марказий Осиё минтақаси тинчлик ва фаровонликнинг янги даври остонасида турибди ва Ўзбекистоннинг бу жараёндаги ролини бутун дунё диққат билан кузатмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш