Logo

Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси ва Ҳиндистоннинг етакчи таҳлилий маркази ўзаро муносабатларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди

Ноябрь 21, 2025. 07:28 • 2 дақ

188
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси ва Ҳиндистоннинг етакчи таҳлилий маркази ўзаро муносабатларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди

ДEҲЛИ, 21 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев Маноҳар Паррикар номидаги Мудофаа тадқиқотлари ва таҳлил институти (Маноҳар Паррикар Институте фор Дефенcэ Студиэс анд Аналйсес — МП-ИДСА) бош директори Сужан Чиной билан учрашди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашув Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик мулоқотини ривожлантириш ва икки давлат «ақлий марказлари» ўртасидаги ахборот-таҳлилий ҳамкорликка янги суръат бағишлаш масалаларига бағишланди.

Сужан Чиной Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган янгиланиш жараёни, хусусан, кенг кўламли инфратузилмавий ва иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади. У Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда муҳим ишлаб чиқариш ва логистика маркази сифатидаги ўсиб бораётган салоҳиятини алоҳида таъкидлади.

Конструктив мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклигини чуқурлаштиришнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратди. Икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, ахборот-таҳлилий ҳамкорликни фаоллаштириш ва кенг доирадаги масалалар бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш муҳокама қилинди.

Учрашувнинг асосий мавзуси экспертлар ҳамжамияти ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўлди. Шу муносабат билан Сужан Чиной МП-ИДСА Ўзбекистондан ташриф буюрадиган делегациялар учун учрашув ва тадбирлар ташкил этишга тайёрлигини тасдиқлади. Шунингдек, Ўзбекистон элчихонаси вакилларининг институтнинг доимий семинарларида ҳинд экспертлар аудиторияси олдида чиқишларини ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Томонлар минтақавий хавфсизликнинг долзарб масалалари, жумладан, Афғонистондаги вазият ва трансмиллий таҳдидларни чуқур ўрганиш ва муҳокама қилиш учун қатор эксперт учрашувларини ўтказишга келишиб олди.

Маноҳар Паррикар номидаги Мудофаа тадқиқотлари ва таҳлил институти Ҳиндистоннинг мудофаа, стратегик хавфсизлик ва халқаро муносабатлар масалаларига ихтисослашган етакчи таҳлилий марказларидан бири ҳисобланади. МП-ИДСА фаолияти стратегик таҳлил, минтақавий хавфсизлик, терроризм ва киберхавфсизлик йўналишларини қамраб олган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш