Logo

"Сада ал-Балад": Ўзбекистон–Қозоғистон ҳамкорлиги Марказий Осиёни ривожлантиришда муҳим бўғинга айланяпти

Ноябрь 19, 2025. 13:53 • 3 дақ

101
"Сада ал-Балад": Ўзбекистон–Қозоғистон ҳамкорлиги Марказий Осиёни ривожлантиришда муҳим бўғинга айланяпти

ҚОҲИРА, 19 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мисрнинг нуфузли "Сада ал-Балад" нашрида "Иқтисодий ҳамкорлик: Ўзбекистон ва Қозоғистон ривожланиш учун умумий маконни қандай яратмоқда?" номли мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар барқарор ва жадал ҳамкорлик намунасини кўрсатмоқда. Бунда сиёсий мулоқот савдо, инвестиция ва саноат соҳаларидаги аниқ лойиҳалар билан узвий равишда тўлдирилмоқда. Бугунги кунда ушбу шериклик икки томонлама кун тартибидан анча илгарилаб, Марказий Осиёнинг умумий иқтисодий маконини шакллантиришда муҳим бўғинга айланяпти.

2025 йилнинг январь–сентябрь ойлари якунларига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,5 миллиард долларга етган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,5 фоизга ўсишни англатади. Ушбу ижобий динамика нафақат ҳажмларнинг миқдорий ўсишини, балки экспорт саватида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар улуши ортиб бораётганда савдо таркибининг босқичма-босқич диверсификациясини ҳам акс эттиради.

Айниқса, 2025 йил 5–6 ноябрь кунлари Вашингтон шаҳрида ўтган "С5+1" форматидаги давлат раҳбарлари учрашуви Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди.

Экспортнинг асосий йўналишлари орасида машинасозлик, аграр сектор ва қурилиш материаллари маҳсулотлари бор. Ўзбекистон томони автомобиль бутловчи қисмлари, сабзавотлар, мевалар, минерал сувлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва цемент етказиб беришни фаол равишда оширмоқда. Биргина 2024 йилда Қозоғистонга экспорт ҳажми 2,4 фоизга ошди, ассортимент эса 86 та янги товар позициясига – электр энергияси ва сариёғдан тортиб мис ва какао маҳсулотларигача кенгайди.

"Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қўшма ташаббуслари минтақавий чегаралардан ташқарига чиқмоқда. Уларнинг орасида Транс-Афғон темир йўли қурилиши лойиҳаси алоҳида ўрин тутади. Бу ташаббус Марказий Осиёни Евроосиё логистикасининг асосий бўғинига айлантириш имконини беради", – дея фикр билдирилган "Сада ал-Балад" нашрида.

Қозоғистон Ўзбекистон учун МДҲ доирасидаги энг йирик ҳамкор ва Россиядан кейин ташқи савдо айланмаси бўйича иккинчи ўринда туради. Ҳамкорлик "Янги индустриализация" тамойилига асосланиб ривожланмоқда. Алоҳида эътибор транспорт интеграциясига қаратилган – "Транскаспий", "Шимол–Жануб" халқаро йўлаклари ва Хитой, Эрон ҳамда Туркия орқали ўтувчи янги маршрутларни ривожлантириш, экспорт оқимларини диверсификация қилиш ва минтақанинг глобал иқтисодиётдаги ролини мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос яратилмоқда.

Қўшма лойиҳалар, энергетика ва транспорт тармоқларини интеграция қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва технологик ҳамкорлик орқали икки мамлакат бутун минтақа учун намуна бўладиган замонавий ҳамкорлик маконини шакллантирмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш