“Eurasia Magazine”: Ўзбекистон ва Туркиянинг экологик ҳамкорлиги тизимли равишда кенгаймоқда
Январ 29, 2026. 10:22 • 2 дақ
• 334
БУДАПЕШТ, 30 январь. /“Дунё” АА/. Венгриянинг “Eurasia Magazine” журналида “Ўзбекистон–Туркия: атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон ва Туркия экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида икки ва кўп томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда. Тажриба алмашиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва мутахассислар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
“Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси вакиллари Туркияда халқаро тузилмалар томонидан ташкил этилаётган семинарлар, ўқув курслари ва бошқа тадбирларда мунтазам иштирок этиб келмоқда. Ҳамкорликнинг бундай форматлари профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш ва экологик бошқарув соҳасидаги илғор ёндашувларни ўзлаштиришга ёрдам беради”, дея фикр билдирилган нашрда.
Таъкидланишича, ҳамкорликнинг муҳим босқичларидан бири Туркиянинг Яқин Шарқ саноат ва савдо маркази (OSTIM) қошидаги қайта тикланадиган энергия ва экология технологияларини кластерлаштиришга ихтисослашган компания делегацияси билан учрашув бўлди.
Музокаралар чоғида томонлар атмосфера ҳавосини тозалаш тизимлари, сув тозалаш иншоотларини қуриш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, маиший ва қишлоқ хўжалиги чиқиндиларини қайта ишлаш бўйича қўшма ишлар истиқболларини муҳокама қилди.
“Ўзбекистон ва Туркиянинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги тизимли ва кўп даражали хусусиятга эга. У технологик, илмий, таълим ва институционал йўналишларни қамраб олади. Қўшма ташаббусларни амалга ошириш замонавий экологик ечимларни жорий этиш, табиий экотизимлар барқарорлигини ошириш ва барқарор ривожланиш йўлида халқаро шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда”, деб ёзилган журналда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси