“Eurasia Magazine”: Ўзбекистон ва Туркия ўрмон хўжалиги йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга оширади
Январ 29, 2026. 15:42 • 2 дақ
• 560
БУДАПEШТ, 29 январь. /“Дунё” АА/. Венгриянинг нуфузли “Eurasia Magazine” журнали саҳифаларида “Ўзбекистон — Туркия: ўрмон хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий босқичи” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар экологик барқарорлик ва “яшил” иқтисодиёт йўналишида янги стратегик мазмун касб этмоқда. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари ва Туркиянинг ушбу соҳадаги бой тажрибасининг уйғунлашуви Марказий Осиё минтақаси учун муҳим аҳамиятга эга.
Мақолада Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги агентлиги делегациясининг Туркияга ташрифи ва Муғла вилоятидаги йирик кўчатхоналар фаолияти билан танишгани алоҳида ёритилган. Хусусан, Туркиянинг тоғли ҳудудларда ўрмон барпо этишдаги “террасалаш” усули ва замонавий “in-vitro” лабораторияларининг самарадорлигига алоҳида урғу берилган.
“Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик шунчаки тажриба алмашиш эмас, балки мутахассислар салоҳиятини ошириш ва иқлим ўзгариши оқибатларига биргаликда қарши курашишнинг амалий механизмидир. Туркиянинг илғор технологияларини Ўзбекистоннинг иқлим шароитига мослаштириш орқали шаҳарлар атрофида “яшил белбоғлар” яратиш ва чўлланишга қарши курашиш масалалари ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишлари сифатида кўрсатилган. Бу жараён Янги Ўзбекистоннинг экологик хавфсизликни таъминлаш борасидаги халқаро ташаббусларига тўла мос келади”, деб ёзади мақола муаллифи.
Хулоса ўрнида муаллиф Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўрмон хўжалиги соҳасидаги шерикликни минтақадаги барқарор ривожланишнинг энг муваффақиятли моделларидан бири деб атаган. Ушбу ҳамкорлик натижасида олинган билим ва кўникмалар Ўзбекистоннинг миллий ўрмон хўжалиги тизимини тубдан такомиллаштиришга ҳамда келажак авлодлар учун мусаффо табиий муҳит қолдиришга хизмат қилиши алоҳида эътироф этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси