Logo

Ҳиндистон журнали Ўзбекистондаги Наврўз байрами ҳақида туркум мақолалар чоп этди

Март 21, 2026. 10:00 • 3 дақ

166
Ҳиндистон журнали Ўзбекистондаги Наврўз байрами ҳақида туркум мақолалар чоп этди

ДЕҲЛИ, 21 март. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг «Business Central Asia» нашри Ўзбекистонда Наврўз байрамини нишонланишига бағишланган туркум мақолалар эълон қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Баҳорги тенгкунлик арафасида журнал кенг қамровли таҳлилий мақола чоп этди. Унда байрам мазмун-моҳияти нафақат баҳорги тақвим бўйича нишонланадиган маросим, балки Мирзо Улуғбекнинг астрономик кашфиётларидан тортиб, Алишер Навоий асарларигача бўлган даврларни қамраб олган, асрлар оша яшаб келаётган маданий-маънавий мероснинг энг муҳим жиҳати сифатида тақдим этилган.

Муаллифлар Наврўзнинг Ўзбекистон ҳудудидаги ўзига хос тарихий йўлига назар ташлаган. Коинот тартиботи рамзи сифатида вужудга келган ушбу байрам Темурийлар даврида алоҳида улуғворлик касб этгани таъкидланган.

Амир Темур учун Наврўз самовий тартибни ўз салтанатидаги ҳокимият билан боғлаган маданий қадриятга айланган, деб қайд этилади нашрда.

Мақолада Мирзо Улуғбекнинг Наврўз анъаналари аҳамиятини янада мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасига алоҳида урғу берилган. Буюк давлат арбоби ва аллома Самарқанд расадхонасидаги тадқиқотлари билан байрамнинг чуқур астрономик мазмун-моҳиятини очиб берди ва кўпасрлик анъанани илмий ҳисоб-китоблар билан исботлади, деб фикр билдирган муаллиф.

«Наврўз бир вақтнинг ўзида ҳам маданий тантана, ҳам Марказий Осиёнинг астрономия ва математика соҳасидаги чуқур билимлари ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда», деб таъкидланади нашрда.

Шунингдек ўқинг

«Business Central Asia»нинг ёзишича, тарихнинг турли даврларидаги мафкуравий тақиқларга қарамасдан, Наврўз ўзбек халқининг ушбу қадимий анъанага садоқати туфайли сақланиб қолди ва мустақиллик йилларида давлатчилик янгиланишининг расмий рамзига айланиб, яна ижтимоий ҳаётга қайтди.

Иккинчи мақола Наврўз мавзусининг ўзбек адабиёти намуналарида ифодаланишига бағишланган. Нашр шеърий анъаналарда мазкур байрам нафақат тақвимдаги сана, балки ёрқин рамзий тимсолга айланганини урғулаган.

Мақола марказида буюк Алишер Навоий ижодига эътибор қаратилган. Муаллиф шоир ғазалларини таҳлил қилиб, ушбу асарларда Наврўз образидан қандай маҳорат билан фойдаланилганини кўрсатиб берган.

Нашрда, шунингдек, Андижон боғлари ва Самарқанднинг баҳор ҳавосини меҳр билан тасвирлаган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг хотиралари, шунингдек, замонавий ёзувчи ва шоирлар ижодига ҳам тўхталиб ўтилган. Наврўз қадимий илдизлар, Темурийлар Ренессанси ва Ўзбекистоннинг замонавий ўзлигини боғловчи кўприк сифатида ифодаланган.

«Business Central Asia»даги материалларда Наврўз нафақат этнографик анъана, балки ўзбек халқининг ҳаётбахш фалсафа сифатида тақдим этилгани билан ҳам эътиборлидир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш