Logo

Италия ОАВ: Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик тобора ривожланмоқда

Январ 22, 2026. 16:49 • 2 дақ

89
Италия ОАВ: Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик тобора ривожланмоқда

РИМ, 22 январь. /“Дунё” АА/. Италия Вазирлар Кенгаши раиси Жоржа Мелонининг Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашуви тафсилотлари Италиядаги нуфузли ОАВда кенг ёритилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

“Governo” нашрида ёзилишича, Италия Вазирлар кенгаши раиси Жоржа Мелони Осиёга ташрифи доирасида Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган. Мазкур учрашув 2025 йилнинг май ойида Самарқандда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ва ривожлантириш имконини берди.

Етакчилар дунёда кузатилаётган халқаро низоли вазиятларда икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим тармоқларини қандай ривожлантириш борасида фикр алмашган. Энг муҳим хомашё ресурслари ва агросаноат соҳасига алоҳида эътибор қаратган.

“Stampa Parlamento” агентлигида қайд этилишича, Жорж Мелонининг Осиёга ташрифи Тошкентда якунланган. Италия Вазирлар кенгаши раиси Президент Шавкат Мирзиёев билан мулоқот чоғида Ўзбекистон–Италия стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилган.

2025 йилнинг май ойида Самарқандда олий даражада эришилган келишувларнинг изчил амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилган.

“Il Sole 24 Ore” газетасининг таъкидлашича, Жорж Мелони ва Шавкат Мирзиёев учрашувида тўқимачилик саноати, геология, энергетика, кимё, қурилиш материаллари, молия бозори ва бошқа устувор соҳалардаги қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.

Италияда Ўзбекистон, Ўзбекистонда эса Италия киноси кунларини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилган. Ўзбекистоннинг навбатдаги Венеция биенналесида иштирок этиши ҳамда бу йил Миланда амалий санъат ва музей кўргазмаларини ўтказиш режалари қўллаб-қувватланган.

“Agenzia Nova” агентлигида берилган материалда икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликка алоҳида урғу берилган.

Нашрда ёзилишича, Италия ва Ўзбекистон ўртасида турли даражаларда фаол мулоқотлар давом этмоқда. Товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналарнинг сони барқарор ўсиб бормоқда. Ҳудудлараро, шу жумладан, Ломбардия билан алмашинувлар ривожланмоқда. Ўзбекистон фуқароларининг тартибли меҳнат миграцияси учун квоталар ажратилган.

Тадбиркорлар “Pietro Fiorentini”, “Danieli”“Finopera”, “ANCI” ва бошқа компаниялар билан ҳамкорликда йирик саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга оширмоқда. Таълим соҳасидаги кенг кўламли ҳамкорлик натижасида 2025 йилда Самарқандда Тушиа университетининг филиали очилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш