Ҳиндистон парламент делегацияси жорий йил май ойида Тошкентга ташриф буюришга тайёргарлик кўрмоқда
Апрель 18, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 65
ДЕҲЛИ, 18 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги изчил фаолият доирасида Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчиси Сардор Рустамбоевнинг Ҳиндистон парламенти қуйи палатаси (Лок Сабҳа) депутати, «Ҳиндистон–Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Ганеш Сингҳ билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланиш жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот тақдим этилди. Ўзбекистоннинг парламентаризм институтларини янада мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларига алоҳида урғу берилди.
Дипломат Олий Мажлис хорижий давлатлар билан парламентлараро ҳамкорликни изчил кучайтириб бораётганини таъкидлади. 2025 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси муваффақиятли ўтказилгани бунинг ёрқин тасдиғи бўлди.
Ушбу йирик халқаро форум ишида Лок Сабҳа спикери Ом Бирла бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди. Икки томонлама муносабатларнинг юқори даражаси Ўзбекистонга ташриф давомида меҳмонларнинг Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинганида ҳам ўз ифодасини топгани қайд этилди.
Икки мамлакат ўртасидаги яқин ҳамкорлик ва стратегик шерикликнинг яна бир рамзи миллий парламентларда дўстлик гуруҳларининг ташкил этилганидир.
Ганеш Сингҳ Ўзбекистон ва Ҳиндистон муносабатларининг чуқур тарихий ва маданий илдизларини қайд этиб, икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга шахсий ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди. Депутат парламент дипломатиясининг мазкур жараёндаги муҳим ўрнини таъкидлади.
Лок Сабҳа депутати қўшма саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш мақсадида Ҳиндистон парламенти делегацияси жорий йил май ойида Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштираётганини маълум қилди. Делегация таркибига «Ҳиндистон–Ўзбекистон» парламент дўстлик гуруҳи аъзолари киритилиши кутилмоқда.
Дўстлик гуруҳи раиси, шунингдек, қурилиш, энергетика, кон-металлургия саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, туризм, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашишга тайёрлигини изҳор қилди.
Учрашувда мамлакатимиз элчихонаси томонидан «Ҳиндистон–Ўзбекистон» парламент дўстлик гуруҳи аъзолари учун брифинг ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Тадбир мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига бағишланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси