Тошкентда “Италия - Марказий Осиё – Озарбайжон” форматида нуфузли агробизнес форуми бўлиб ўтади
Март 23, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 93
ТОШКЕНТ, 23 март. /“Дунё” АА/. 23-24-март кунлари Тошкентда Италия, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон иштирокида “Барқарор агроэкотизимлар учун инновациялар, регенератив қишлоқ хўжалиги, экспорт ва рақамлаштириш” мавзусида халқаро агробизнес-форум бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Италия қишлоқ хўжалиги вазири Франческо Лоллобриджида, шунингдек Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирлари ва вазир ўринбосарлари иштирок этиши кўзда тутилган.
Италия томонидан юқори иқтисодий салоҳиятга эга етакчи компания ва ташкилотларнинг 120 дан ортиқ вакиллари иштирок этади. Улар орасида ICE (Италия савдо агентлиги), SACE (Италия экспорт-кредит агентлиги) ва SIMEST (Италия давлат инвестиция агентлиги) каби тузилмалар раҳбарлари, етакчи тармоқ бирлашмалари – “FederUnacoma” (Италия қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилар федерацияси), “Confagricoltura” (Қишлоқ хўжалиги бош конфедерацияси), “Confindustria” (Саноат бош конфедерацияси), шунингдек, CDP (Депозит-кредит кассаси) ҳамда йиллик айланмаси 100 миллион евродан юқори бўлган йирик компаниялар – “CNH”, “Agco Italia”, “Granarolo”, “UNITEC” ва “Annovi Reverberi” вакиллари бор.
Форум доирасида B2B ва B2G форматидаги учрашувлар, шунингдек, тематик давра суҳбатлари ўтказилиши режалаштирилган. Хусусан, “Confagricoltura” ва “Fruitimprese” йирик иш берувчилари иштирокида фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш, Тушия, Бари, Пиза, Феррари, Павия ва Турин университетлари иштирокида таълим ва илм-фан соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси