Қирғиз ОАВ: “Ўзбекистон – 2030” стратегияси глобал таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда янгиланмоқда
Январ 22, 2026. 16:02 • 58 сония
• 68
БИШКЕК, 22 январь. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг “Вечерний Бишкек” газетасида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда қайд этилишича, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси жаҳон иқтисодиёти, технологиялари ва халқаро жараёнлардаги шиддатли ўзгаришларга мослашмоқда. Муаллифнинг фикрича, асосий дастурий ҳужжатни такомиллаштириш зарурати жамиятнинг янги шартлари ва талаблари, Янги Ўзбекистонни янада шакллантириш вазифалари билан боғлиқ.
Эксперт таъкидлаганидек, янгиланган стратегия замирида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил мужассам. Янги кўринишда бу тезис аниқ механизмлар билан тўлдирилади – самарадорлик кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилади.
Ҳар бир вазифага масъул идоралар бириктирилади ва молиялаштириш манбалари янада шаффоф бўлади. Стратегия ижросини мониторинг қилиш тизимини натижага йўналтириш, ҳисобдорлик ва рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Янгиланган стратегия ҳар бир фуқаро учун тушунарли ва ҳиссий бўлиши кераклиги таъкидланган. Ҳужжат кенг жамоатчилик маслаҳатлашувлари асосида шакллантирилади ва аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжлари ва экспертлар ҳамжамиятининг таклифларини ҳисобга олган ҳолда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.
Элдор Туляковнинг сўзларига кўра, жамоатчилик фикрини акс эттирувчи ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган стратегиягина чинакам самарали ва ҳаётий бўлиши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
