Logo

“The World News”: Ўзбекистон Ёшлар тараққиёти глобал индексида энг тез суръатларда ривожланаётган давлат

Февраль 27, 2026. 09:00 • 3 дақ

133
“The World News”: Ўзбекистон Ёшлар тараққиёти глобал индексида энг тез суръатларда ривожланаётган давлат

ИСЛОМОБОД, 27 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The World News” нашри “Президент Шавкат Мирзиёев: Ёшлар мамлакатнинг асосий иқтисодий ва сиёсий кучидир” сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат ёшлари билан  ўтказган мулоқоти тафсилотлари батафсил ёритилган.   Маълум қилинганидек, учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги студиялар орқали 60 мингдан зиёд ёшлар вакиллари иштирок этди.

«Давлат раҳбари йиғилганларни самимий қутлаб, юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёшларимиз жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч эканини таъкидлади, – дейилган мақолада. – Барча даражадаги раҳбарлар ёшларни тил ва касб-ҳунарга ўргатиш, спортга жалб этиш, ғоя, лойиҳа ҳамда стартапларига кўмак бериш, уларни ишли ва даромадли қилиш бўйича янада фаол ишлаши, бирорта йигит-қизни эътиборсиз қолдирмаслиги зарурлиги қайд этилди».

Покистон ОАВ Ўзбекистонда йиллар давомида яратилган имкониятлар натижасида мамлакат ёшлари жаҳон фан олимпиадаларида 66 та олтин, 147 та кумуш, 221 та бронза медалини қўлга киритганини эътироф этган. Гарвард, Йель, Принстон, Колумбия, Корнелл каби нуфузли олийгоҳларда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба ёшлар 500 нафардан, ТОП-100 таликдаги олийгоҳларда ўқиётган йигит-қизлар 3,5 минг нафардан ошди. Ўзбек ёшлари яратган 63 та стартап лойиҳаси АҚШ, Жанубий Корея, Буюк Британия ва Бирлашган Араб Амирликлари бозорларига кириб борган. Ўзбекистон ёш спортчилари халқаро ареналарда 720 та олтин, 671 та кумуш, 854 та бронза медалининг соҳиби бўлди. Бугун ёш тадбиркорлар Ўзбекистондаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ташкил этмоқда.

«Ўзбекистон Ёшлар тараққиёти глобал индексида энг тез суръатларда ривожланаётган давлат деб эътироф этилгани бежиз эмас. Жорий йилда Тошкент шаҳрида Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати бош қароргоҳи ташкил этилиши, Самарқанд шаҳрида Ёшлар парламенти аъзоларининг 12-глобал конференцияси, «Take Off» халқаро стартап саммити ва 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўтказилиши бу мақомни янада мустаҳкамлайди», – дея урғуланган манбада.

Ўзбекистон Президенти  ҳар йили 600 минг ёш меҳнат бозорига кириб келаётганини, 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 1 миллионга етишини қайд этиб, ёшларга ўз имконияти ва қизиқишига мос иш топиши учун шароит яратиш энг муҳим масала эканини кўрсатиб ўтди.

Мақолада нuфузли хорижий олийгоҳлар илғор тажрибалар асосида ёшларни тадбиркорликка ўқитишда ҳамкорлик қилишга тайёр экани қайд этилгани, камида 40 минг ёшни бизнесга ўргатадиган “Янги авлод тадбиркорлари” дастурини бошлаш белгиланани хабар қилинган. Дастурни муваффақиятли тугатган энг яхши 1 минг нафар ёшнинг лойиҳасига уч йил муддатга 200 миллион сўмгача 7 фоизли ссуда берилади.

Қайд этилишича, хорижий тил сертификатига эга ёшларни қўллаб-қувватлаш механизми самара бергани таъкидланиб, сертификат олган ёшлар 600 мингдан ошгани, хорижий тилларни мукаммал биладиган 72 минг инструктор шаклланган. Хусусий ўқув марказларининг сони 3 карра кўпайиб, 38 мингдан ошган.

«Китобхонлик маданиятини ривожлантириш» жамғармаси орқали энг истеъдодли ёзувчиларга ижодий буюртма бериб, бир йил давомида ойига 20 миллион сўмдан ҳақ тўлаш, энг сара хорижий адабиётларни ўзбек тилига ҳамда миллий адабиётни хорижий тилларга таржима қилиш ва чоп этиш харажатининг ярмини қоплаш белгиланди. Кутубхона, “book cafe” ва китоб дўкони очиб, ойига 10 минг донадан ортиқ китоб сотувини йўлга қўйган тадбиркорларга 3 йилга 1 миллиард сўмгача 7 фоизли ссуда бериш механизми назарда тутилди», – деб таъкидланган материалда.

«The World News» нашри, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ёшларнинг жамиятга тез мослашиши учун «Иккинчи имкон» лойиҳаси бошланиши ҳақидаги маълумотни ўқувчилар эътиборига тақдим қилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш