“The World News”: Ўзбекистонда 2026 йилда камида 25,4 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш бўйича топшириқ берилди
Январ 19, 2026. 12:53 • 2 дақ
• 38
ИСЛОМОБОД, 19 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The World News” нашрида “Ўзбекистон Президенти табиий газ қазиб олишни кўпайтириш ва секторни ўзгартириш бўйича режаларни кўриб чиқди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев 12 январь куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти фаолиятининг келгусидаги вазифалари ва режалари юзасидан тақдимот билан танишгани маълум қилинган.
“Тақдимотда “Ўзбекнефтгаз” АЖ олдида турган энг асосий вазифа табиий газ захираларини ошириш ва қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш экани қайд этилди. Компания кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 66 миллион куб метрдан 70 миллион куб метрга кўпайтириш, бу йил камида 25,4 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш чораларини кўриши зарурлиги таъкидланди. Мавжуд имкониятларни ишга солиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди”, – дейилган манбада.
Таъкидланганидек, йиғилишда газ захираларини ўстириш учун янги истиқболли инвестиция блокларини шакллантириш, инвесторларга берилган айрим майдонларда эса ишларни жадаллаштириш ва самарадорлигини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Нашрда қайд этилганидек, нафта ишлаб чиқариш ҳозирда қувватнинг 70 фоизида амалга оширилаётгани, маҳсулот эса 50 фоиз арзон нархларда экспорт қилинаётгани кўрсатиб ўтилди. Нафтадан полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилса, қўшилган қийматни 6 карра ошириш имконияти борлигини ҳисобга олиб, мавжуд қувватларни тўлиқ ишлатиш чораларини кўриш топширилди.
“Соҳадаги коррупцион хавфларни олдини олиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тузилмасида раиснинг алоҳида ўринбосари лавозими киритилиб, комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати ташкил этилди. Тизимдаги ҳар қандай ноқонуний ҳолатни тезкор аниқлаш ва олдини олиш бўйича самарали тизим яратиш вазифаси қўйилди”, – деб таъкидланган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
