Туркиянинг Карабюк университетида ўзбекистонлик талабалар учун ифторлик дастурхони ёзилди
Март 07, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 72
КАРАБЮК, 7 март. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан муқаддас Рамазон ойи муносабати билан Карабюк университетида таҳсил олаётган 150 нафардан зиёд ўзбекистонлик талабалар учун ифторлик тадбири ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда олий таълим муассасаси ректори ва профессорлари, дипломатик ваколатхона вакиллари ҳамда Фарғона шаҳар имом-хатиби Жўрабек Раҳмонов иштирок этди.
Университет ректори Рефик Полат ўзбекистонлик талабаларнинг илмий салоҳияти ва олийгоҳ ижтимоий ҳаётидаги фаол иштирокини юқори баҳолади. У Ўзбекистон ҳукуматининг хорижда таълим олаётган ёшларга кўрсатаётган доимий ғамхўрлигини алоҳида эътироф этиб, бундай маънавий тадбирлар талабаларнинг руҳиятини кўтаришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Тадбирда сўзга чиққан филология фанлари доктори, профессор Саидбек Болтабаев давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар учун яратилган кенг имкониятларга тўхталиб, талабаларни бу шароитлардан унумли фойдаланишга ва Ватан шаънини муносиб ҳимоя қилишга чақирди.
Имом-хатиб Жўрабек Раҳмонов муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш, миллий-диний қадриятлар, меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик, илм олиш ва жамиятга фойдали инсон бўлиш каби эзгу амаллар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Ифторлик якунида Қуръон тиловат қилиниб, юрт тинчлиги ва эл омонлиги учун дуолар қилинди.
Ватандошлар бу каби тадбирлар Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” тамойилининг хориждаги амалий ифодаси бўлаётгани, ҳар бир ватандош ўз ортида давлатнинг юксак эътибори ва қўллаб-қувватлови борлигини ҳис қилишини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси