Илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳалар бўйича Ўзбекистон–Венгрия қўшма танлови ўтказилади
Март 07, 2026. 10:27 • 2 дақ
• 95
БУДАПЕШТ, 7 март. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Венгрия Тадқиқотлар, ишланмалар ва инновациялар миллий офиси (NRDI Office) ҳамда Ўзбекистон Инновацион ривожланиш агентлиги вакиллари ўртасида онлайн мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат давомида венгриялик ҳамкорлар Ўзбекистонни илмий тадқиқотлар ва юқори технологиялар соҳасидаги асосий стратегик шериклардан бири сифатида кўришини таъкидлади. Хусусан, яқинда ўтказилган III Ўзбекистон–Венгрия ректорлар форумида Венгриянинг 19 та нуфузли университети ва қатор илмий марказлари иштирок этгани икки давлат академик доиралари ўртасидаги қизиқиш нақадар юқори эканидан далолат беради.
Музокараларнинг амалий натижаси сифатида, томонлар илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳалар бўйича навбатдаги Ўзбекистон–Венгрия қўшма танловини ўтказишга келишиб олди. Ушбу механизм икки мамлакат олимлари ва тадқиқотчиларига биргаликда истиқболли технологик ечимларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш имконини беради.
Учрашувда илмий ҳамкорлик стратегик шерикликнинг ажралмас қисми экани ва у университетлар, тадқиқот марказлари ҳамда инновацион тузилмалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаши қайд этилди. Томонлар барқарор ривожланиш ва замонавий технологик ечимларни жорий этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси