Ар-Риёзда “IT Park Uzbekistan”нинг доимий бўлими очилди
Июнь 17, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 42АР-РИЁЗ, 17 июнь. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистони пойтахтида мамлакатимиз IT-паркининг доимий бўлимини очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Анжуман қатнашчиларига юртимизда рақамли иқтисодиёт, дастурлаш, стартаплар ва IT-хизматлар соҳасида яратилган кенг имкониятлар, хусусан, IT Park ҳудудида амал қилувчи ноёб солиқ имтиёзлари ҳамда хизматлар экспортини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Қайд этилганидек, соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида АҚШ, Канада, Франция, Япония ва Саудия Арабистони каби етакчи давлатлар компаниялари ҳамда мутахассислари IT Park резидентига айланмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистонда IT-хизматлар экспорти ҳажми сезиларли даражада ўсиб, маҳаллий компаниялар халқаро бозорларга фаол чиқмоқда. Ар-Риёдза очилган янги бўлим негизида аллақачон 8 та стартап лойиҳа ўз иш фаолиятини бошлагани тадбир иштирокчиларига маълум қилинди.
Тадбирда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Бир миллион дастурчи” ҳамда унинг мантиқий давоми сифатида эълон қилинган “Бир миллион сунъий интеллект етакчиси” лойиҳалари хорижлик мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди. Саудия томони Ўзбекистонда ахборот технологиялари йўналишида фаолият кўрсатаётган маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларига ҳукумат томонидан кўрсатилаётган алоҳида эътиборни юқори баҳолади.
Шунингдек, тадбир давомида Саудия Арабистони ишбилармон ва расмий доира вакиллари учун Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, бой маданий-тарихий мероси ҳамда буюк алломаларига бағишланган махсус видеолавҳалар намойиш этилди. Хусусан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасининг мазмун-моҳиятига оид кенг қамровли тақдимот ўтказилди.
Учрашув якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга, батафсил жавоб берилиб, махсус тарқатма ахборот материаллари тақдим этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


