Logo

“The Diplomatic Insight” журнали: Амир Темур мурожаатларида Шарқ дипломатияси этикетларига риоя қилган

Апрель 05, 2026. 09:10 • 3 дақ

184
“The Diplomatic Insight” журнали: Амир Темур мурожаатларида Шарқ дипломатияси этикетларига риоя қилган

ИСЛОМОБОД, 5 апрель. /“Дунё” АА /. Покистоннинг нуфузли “The Diplomatic Insight” журнали расмий сайтида академик Акмал Саидов муаллифлигидаги “Амир Темур дипломатияси ва унинг халқаро муносабатларга таъсири” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада соҳибқирон Амир Темур нафақат буюк саркарда, балки ўз даврининг энг моҳир ва кучли дипломати сифатида ҳам тарихда чуқур из қолдиргани илмий асосда таҳлил қилинган.

Нашрда ёзилганиднк, Амир Темур давлат арбоби сифатида ўз мақсадларига эришишда дипломатиянинг тинч йўллари ва ҳарбий салоҳиятни ўзаро уйғунликда олиб борган. У барпо этган салтанат XIV асрнинг 70-йилларидаёқ Европа давлатларининг эътиборини тортган.

Тарихий ҳужжатлар Соҳибқироннинг ўша даврдаги деярли барча йирик давлатлар ва уларнинг ҳукмдорлари билан фаол дипломатик алоқалар ўрнатганидан далолат беради. Амир Темур Самарқандда Испания, Франция, Англия, Хитой ва бошқа жами 20 дан ортиқ хорижий давлат элчиларини қабул қилган, шунингдек, ўз вакилларини Европа саройларига йўллаган.

Муаллиф Соҳибқироннинг Кастилия ва Леон қироли Энрике III, Франция ҳукмдори Шарль VI ва Англия қироли Генрих IV билан олиб борган ёзишмаларига алоҳида тўхталиб ўтади. Дипломатик алоқаларни муваффақиятли юритиш учун Амир Темур ўз саройига Насаф ва Кеш олимларини, хорижий тилларни мукаммал биладиган ва дунёвий илмлардан хабардор қобилиятли шахсларни жалб этган. Масалан, Муҳаммад Кеший Соҳибқироннинг элчиси сифатида маълум муддат Испанияда яшаган бўлса, Мавлоно Абдуллоҳ Кеший Миср султони ҳузурида элчилик вазифасини адо этган.

Амир Темур дипломатиясининг ўзига хос жиҳати унинг юксак маданияти ва одоб-ахлоқида намоён бўлади. У ўзининг барча мурожаатларида, ҳатто қатъий талаб шаклидаги номаларида ҳам Шарқ дипломатияси этикетларига қатъий риоя қилган. Баъзи ҳукмдорларнинг қўпол ва жаҳл билан ёзилган мактубларига ҳам Соҳибқирон доимо вазминлик билан, ўз фикрини аниқ ва маданият билан баён этган ҳолда жавоб қайтарган. Унинг Франция қироли Шарль VI га йўллаган мактубидаги “Салом ва тинчлик эълон қиламан!” деган сўзлари бунинг яққол исботидир.

Бугунги кунда Франция миллий архивида Амир Темурнинг Шарль VI га форс тилида ёзган хатининг асл нусхаси, шунингдек, Мироншоҳ Мирзонинг Европа қиролларига йўллаган мактублари сақланмоқда.

“The Diplomatic Insight” журналида эълон қилинган мазкур мақола Темурийлар даври дипломатияси нафақат ўз даври учун, балки замонавий халқаро муносабатлар тарихи учун ҳам беқиёс аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш