Logo

Малайзияда ёш ватандошлар билан давра суҳбати ташкил этилди

Январ 27, 2026. 09:00 • 2 дақ

70
Малайзияда ёш ватандошлар билан давра суҳбати ташкил этилди

КУАЛА-ЛУМПУР, 27 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова бошчилигидаги делегациянинг Куала-Лумпур шаҳрига ташрифи амалга оширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида мамлакатимиз Элчихонасида Малайзияда таҳсил олаётган ёш ватандошлар иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Куала-Лумпур шаҳридаги вакиллари ҳам қатнашди.

Иштирокчиларга Феруза Эшматова инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, Омбудсман фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, 2025 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 26 минг мурожаат келиб тушгани таъкидланди.

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши ва таълим-тарбия олиши учун барча шарт-шароитлар яратилаётгани, хорижда таълим олаётган йигит-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани эътироф этилди.

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Малайзиядаги вакили Фарҳод Охунов ташкилот фаолияти хусусида тўхталиб, Малайзиядаги ёш ватандошларимизни бирлаштириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди

“Ҳозирда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Малайзиядаги кординаториман. Бугун Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова билан учрашувда ўзим учун кўп фойдали маълумотларга эга бўлдим. Ўзаро мулоқот давомида ёшларга берилаётган имтиёзлар, яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида фикр алмашдик. Бизни қизиқтирган масалалар юзасидан тегишли тавсия ва маслаҳатлар олдик. Ўз таклифларимизни ҳам билдирдик”, дейди Малайзиядаги “Xiamen” университети талабаси Иброҳим Нормухамедов.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo AA

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш