Logo

Туркияда таҳсил олаётган ўзбек талабалари билан учрашув ўтказилди

Январ 27, 2026. 08:15 • 2 дақ

115
Туркияда таҳсил олаётган ўзбек талабалари билан учрашув ўтказилди
Туркияда таҳсил олаётган ўзбек талабалари билан учрашув ўтказилди
Туркияда таҳсил олаётган ўзбек талабалари билан учрашув ўтказилди
Туркияда таҳсил олаётган ўзбек талабалари билан учрашув ўтказилди

АНҚАРА, 27 январь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Хориждаги турклар ва этник жамоалар ишлари бошқармасида Анқара ўзбек талабалари уюшмаси кенгаши аъзолари ҳамда Туркияда таҳсил олаётган ўзбек ёшлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хориждаги турклар ва этник жамоалар ишлари бошқармаси (YTB) – Туркия Маданият ва туризм вазирлигига ҳузуридаги ўз бюджетига эга давлат ташкилоти ҳисобланади. Айни пайтда 3 мингга яқин ўзбекистонлик талаба ушбу ташкилот стипендиати ҳисобланади.

Мулоқотда иштирокчиларга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парламент ва халққа йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор йўналишлар ҳамда илгари сурилган муҳим ташаббуслар ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, ўз қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариши борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталиб ўтди.

Анқара университети талабалари – Умиджон Якубов (ветеринария факультети) ҳамда Сардорхон Хамидов (компьютер муҳандислиги факультети) юртимиздаги ветеринария соҳасини янада такомиллаштириш мақсадида махсус стартап лойиҳа (Myvet.uz) устида ишлаётганини маълум қилди.

Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад – нафақат ветеринария соҳаси мутахассисларига, балки уй ҳайвони эгаларига ҳам қулайлик яратиш, ҳайвонларни қайд этиш ва чорвачилик соҳасида электрон тизим яратишдир. Ҳозирда мазкур стартап лойиҳа телеграм-бот кўринишда, тест режимида ишламоқда. Келгусида ушбу лойиҳа платформа кўринишида тақдим этилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Гази университети тиббиёт факультети талабаси Рахимжон Рахимжонов ортиқча вазн ва унинг зарарларига тўхталиб, жаҳон ҳамжамиятида “глобал семизлик таҳдиди” тушунчаси мавжудлиги ва семизликнинг ёмон оқибатларга олиб келиши юзасидан маълумот берди.

Анқарадаги Йилдирим Баязит университети талабаси Нурмуҳаммад Қобилжонов эса заргарлик йўналишида таълим олаётганини маълум қилиб, Туркиянинг заргарлик соҳасидаги тажрибаларни қўллаган ҳолда ўзбек миллий заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятида эканини таъкидлади. 

Тадбир давомида талабалар ватандошлар билан тизимли ва доимий мулоқотни йўлга қўйиш, стартап лойиҳаларни молиялаштириш, нуфузли грант лойиҳаларда иштирок этиш, хориждаги бошқа ўзбекистонлик ёшлар билан алоқа ўрнатиш борасида фикр-мулоҳаза алмашди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo AA

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш