Ўзбекистонлик ҳуқуқшунослар Буюк Британиянинг юридик касбни ривожлантириш борасидаги тажрибаси билан танишди
Март 09, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 111
ЛОНДОН, 12 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон ҳуқуқшуносларидан иборат делегация Буюк Британияга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Делегация таркибидан Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Адвокатлар палатаси вакиллари, шунингдек, мамлакатнинг йирик юридик фирмалари бўлган “Prae Legal”, “Centil Law”, “My Lawyer” ва “Legate” раҳбарлари ҳамда вакиллари ўрин олди.
Мазкур ташриф дастури 1825 йилда ташкил этилган “Law Society” Англия ва Уэльс юридик жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Ташкилот Англия ва Уэльснинг 200 мингдан ортиқ адвокатларини бирлаштиради, уларни қўллаб-қувватлайди ва ҳуқуқни ислоҳ қилиш масалалари бўйича маслаҳат органи сифатида фаолият юритади.
Дастур доирасида Буюк Британия ва Ўзбекистондаги юридик ҳамжамиятни тартибга солувчи ва ифодаловчи институтлар фаолияти масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, ташриф давомида узлуксиз касбий ривожланиш тажрибаси, касбий этика ва интизомий жавобгарлик тизими ўрганилди. Ёш ҳуқуқшуносларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий ва етакчилик салоҳиятини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир иштирокчилари халқаро юридик хизматлар бозори, унга кириш шартлари ва хорижий юристлар малакасига қўйиладиган талаблар юзасидан фикр алмашдилар.
Британия томонига Ўзбекистонда Халқаро тижорат судини ташкил этиш истиқболлари, шунингдек, Тошкент халқаро арбитраж маркази фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Бундан ташқари, делегация аъзолари Лондондаги машҳур Қироллик судлари мажмуасида бўлиб, Англия ва Уэльс суд тизими фаолияти билан яқиндан танишди.
Мулоқот якунида томонлар қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқшунослар салоҳиятини ошириш ва халқаро ҳуқуқий ҳамкорликни изчил ривожлантириш бўйича келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси