Прагада Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги академик ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Апрель 04, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 118
ПРАГА, 4 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Чехий пойтахтида жойлашган Европа амалий фанлар ва менежмент институти (EIASM) раҳбарияти билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги таълим жараёни, замонавий ўқитиш йўналишлари ва халқаро академик ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида Прагада малака ошираётган ўзбекистонлик мутахассислар — молия, иқтисодиёт ва банк соҳаларидаги комплайенс хизматлари раҳбарлари билан ҳам алоҳида мулоқот ташкил этилди. Унда юртдошларимизнинг Европа таълим стандартлари асосида орттираётган тажрибаси ва эришаётган амалий натижалари юқори баҳоланди.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларидан бири Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси Жалолиддин Ҳамроқуловга Европа амалий фанлар ва менежмент институти томонидан Фахрий доктор унвонининг топширилиши бўлди. Бу эътироф ўзбек олимининг илмий фаолияти ва икки давлат ўртасидаги маърифий алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссасига берилган юксак баҳодир.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон мутахассислари учун малака ошириш имкониятларини янада такомиллаштириш ва келгусида қўшма таълим лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришдилар. Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Чехиянинг ушбу нуфузли олий таълим муассасаси 2011 йилда ташкил этилган бўлиб, ASIC ва IACBE каби халқаро аккредитацияларга эга. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2025 йил давомида институтни 800 нафарга яқин тингловчи тамомлаган бўлиб, уларнинг сезиларли қисми MBA (магистратура) ва DBA (докторантура) дастурлари битирувчиларидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси