Испания ва Ўзбекистон ўртасидаги тўғридан-тўғри рейслар қайта тикланмоқда
Апрель 20, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 220
МАДРИД, 29 апрель. /“Дунё” АА/. Испаниянинг нуфузли “Expreso” туристик порталида “Ávoris” компаниялар гуруҳи таркибига кирувчи “Travelplan” туроператорининг Ўзбекистон йўналиши бўйича авиақатновларни қайта йўлга қўйгани ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрнинг қайд этишича, аввалги мавсумлардаги муваффақиятли тажрибадан сўнг, туроператор 2026 йилда яна ушбу йўналишга қайтмоқда. “Travelplan” ҳозирда икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри чартер рейсларини таклиф этаётган ягона компания сифатида ўз позициясини мустаҳкамламоқда.
Саёҳатларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, махсус рейслар сайёҳларга Тошкентга учиб келиш ва Урганчдан қайтиш (ёки аксинча) имконини беради. Бундай қулай схема вақтни тежаш ва мамлакатнинг тарихий марказлари билан янада чуқурроқ танишиш имконини беради. Дастур доирасида Самарқанд, Бухоро ва Хива каби Буюк Ипак йўлининг рамзи бўлган шаҳарларга мазмунли саёҳатлар ташкил этилган.
Мақолада таъкидланишича, гуруҳли сафарлар сифатини таъминлаш мақсадида гуруҳларга ўзбек маданияти ва тарихини мукаммал биладиган испан тилли гидлар ҳамроҳлик қилмоқда.
Авиарейслар нафақат Мадриддан, балки Севилья, Сарагоса ва бошқа ҳудудий аэропортлардан ҳам амалга оширилмоқда. Масалан, 12 апрель куни Сантьяго-де-Компостеладан учган “Airbus A330” ҳаво кемаси 388 нафар сайёҳ билан тўлиқ банд бўлгани Ўзбекистонга бўлган юқори талабдан далолат беради.
“Бу дастурнинг тикланиши испан сайёҳлари орасида Ўзбекистонга бўлган доимий ва ўсиб бораётган қизиқишга жавобдир”, – дейди туроператор бренд-менежери Пура Севилья.
“Travelplan” туроператорининг Ўзбекистон йўналиши бўйича авиарейслари баҳорги мавсум доирасида май ойининг охиригача Севилья, Сарагоса ва Мадриддан мунтазам қатновларни давом эттиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси