Сучжоуда Ўзбекистоннинг инвестицион имкониятлари намойиш қилинди
Апрель 13, 2026. 14:17 • 3 дақ
• 282СУЧЖОУ, 16 апрель. /“Дунё” АА/. Хитойнинг Цзянсу провинциясида “Янги энергетика саноат занжири” 11-халқаро ярмаркаси доирасида ўтказилган “Осиё инвестициялари ва тараққиёти” форумида Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳияти намойиш қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур нуфузли ярмарка 2016 йилдан буён маҳаллий ҳукумат ҳамда “Shanghai Metals Market” компанияси ҳамкорлигида мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Унда дунёнинг юздан ортиқ мамлакатдан 500 га яқин йирик компаниялар иштирок этиб, глобал саноат ва инвестиция майдонидаги долзарб масалаларни муҳокама қилмоқда.
Тадбир дастуридан 10 дан ортиқ халқаро анжуманлар ўрин олган бўлиб, асосий эътибор энергия сақлаш тизимлари, электр энергетикаси, литий аккумуляторлари учун материаллар, қайта ишлаш жараёнлари, хомашёни қазиб олиш, инновацион қаттиқ жисмли батареялар каби истиқболли йўналишларга қаратилган.
Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Хитой–Осиё иқтисодий ривожланиш ассоциацияси президенти Чжу Джокке глобал иқтисодий муҳитдаги тезкор ўзгаришлар шароитида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бугунги кунда халқаро бозорларга чиқиш компаниялар учун танлов эмас, балки замонавий тараққиётнинг ажралмас талаби ҳисобланади. Шу билан бирга, глобал саноат ва логистика занжирлари минтақавий ҳамда диверсификация қилинган шаклга ўтаётгани қайд этилди.
Шунингдек, “Shanghai Metals Market” раҳбари Логан Лу компаниянинг асосий мақсади — корхоналар учун янги имкониятлар яратиш, уларнинг глобал бозорларга чиқишига кўмаклашиш ва давлат ҳамда бизнес ўртасида самарали мулоқот платформасини шакллантиришдан иборат эканини таъкидлади. У юқори сифатли халқаро ресурсларни бирлаштириш ва тўлиқ хизматлар занжирини тақдим этиш устувор вазифалардан бири эканини қайд этди.
Форум доирасида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг бой иқтисодий ва инфратузилмавий салоҳияти, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодиётни либераллаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва ташқи савдо алоқаларини диверсификация қилиш йўлида эришилган натижалар алоҳида эътироф этилди.
Тақдимот давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани, ҳудудлараро ҳамкорлик ва устувор тармоқларда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар икки давлат иқтисодий тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётгани таъкидланди.
Тадбир якунида хитойлик ишбилармон доиралар Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдириб, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш саноати, ахборот технологиялари, тўқимачилик ва “яшил” технологиялар каби йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


