Logo

Ўзбекистон ва Малайзия қишлоқ хўжалигида инновацион ҳамкорликни кенгайтиради

Март 12, 2026. 13:31 • 2 дақ

104
Ўзбекистон ва Малайзия қишлоқ хўжалигида инновацион ҳамкорликни кенгайтиради

КУАЛА-ЛУМПУР, 12 март /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзия Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот ва ривожланиш институти (MARDI) бош директори Муҳаммад Забави Абдул Ғани билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Томонлар соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди. Шу жумладан, сабзавот ва полиз экинлари бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш, юқори сифатли кўчат ва уруғлар алмашиш ҳамда маҳаллий иқлим шароитларига мос янги навлар яратиш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистонлик мутахассислар Малайзиянинг шоличиликда юқори ҳосил олиш тажрибасини қизиқиш билан ўрганяпти. Шунингдек, Малайзия селекциясига мансуб қурғоқчилик ва шўрга чидамли эртапишар шоли уруғлари республикамизда ижобий натижалар бераётгани таъкидланди.

Эндиликда томонлар узоқ муддат сақлаш ва узоқ масофага ташишга мос қовун ва данаксиз тарвуз уруғларини алмашиш ҳамда лабораторияда ва маҳаллий иқлимда тажрибалар ўтказиш лойиҳасини режалаштирмоқда.

Читайте также

Бундан ташқари, агрокластерлар ва фермер хўжаликлари фаолиятида инновацион агротехнологияларни жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги мутахассислари алмашинувини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.

Жорий йилнинг август ойида институт бош директори Муҳаммад Забави Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишини, ҳамкорлик ҳужжатлари ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни ишлаб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.

MARDI институти 1969 йилда мамлакат ҳукумати томонидан ташкил этилган бўлиб, мамлакат қишлоқ хўжалигини илмий асосда ривожлантириш, янги технологиялар ишлаб чиқиш ва фермерларга ечимлар тақдим этиш мақсадида фаолият юритади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш