ЎзбекистонПольша ўртасида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик янада ривожлантирилади
Март 02, 2026. 16:39 • 1 дақ
• 146
ВАРШАВА, 2 март. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчиси Амирсаид Агзамходжаев Польша Инфратузилма вазирлиги давлат котиби Станислав Буковец билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар марказида икки мамлакат ўртасида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, юк ташиш занжирларини оптималлаштириш ҳамда истиқболли транспорт йўлакларини ривожлантириш масалалари турди.
Станислав Буковец Польша Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш учун мавжуд катта салоҳиятни юқори баҳолашини таъкидлади. Шу билан бирга, у ҳозирги мураккаб халқаро вазият шароитида Марказий Осиё йўналишида юк ташувларини энг мақбул ва иқтисодий жиҳатдан самарали йўналишлар орқали амалга ошириш, логистика йўлакларини диверсификация қилиш зарурлигига эътибор қаратди.
Томонлар икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун ўзаро манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.
Мулоқотда фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, 2024 йилда “LOT Polish Airlines” авиакомпанияси томонидан Варшава ва Тошкент шаҳарлари ўртасида йўлга қўйилган мунтазам авиақатновлар қисқа муддат ичида барқарор ўсиш суръатларини намоён этгани таъкидланди. Бу эса нафақат ишбилармонлик алоқаларини, балки икки давлат ўртасидаги туризм оқимини ҳам жадаллаштиришга хизмат қилмоқда.
Учрашув якунида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш ва логистика соҳасидаги тўсиқларни бартараф этиш юзасидан мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
