Ўзбекистон дипломатлари Хабаровск ўлкаси раҳбарияти ва ватандошлар билан учрашди
Октябрь 14, 2024. 09:40 • 2 дақ
• 151
ХАБАРОВСК, 14 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари хизмат сафари билан Россиянинг Хабаровск ўлкасига борди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафари давомида Хабаровск ўлкаси губернатори Дмитрий Демешин, сайлов комиссияси раиси Денис Кузьменко ва ватандошлар билан учрашувлар ўтказилди.
Губернатор Дмитрий Демешин билан бўлиб ўтган учрашув давомида, Ўзбекистон ҳудудлари ва Хабаровск ўлкаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати муҳокама қилинди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маиший техника жиҳозлари, текстиль, гилам, мева-сабзавот, қуритилган мевалар ва бошқа маҳсулотларини тўғридан-тўғри Хабаровскга экспортини кўпайтириш, туристлар алмашинувини ошириш, ижтимоий таълим йўналиши ва Ўзбекистон фуқароларини уюшган ҳолда ишга жойлаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон вакили 16-23 октябрь кунлари Хабаровск ўлкасида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланишларига шарт-шароит яратиб бериш мақсадида муддатидан олдин овоз бериш нуқталари ташкил этилишини маълум қилди.
Губернатор Хабаровск ўлкасида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг бўлажак сайловда фаол иштирок этишларини таъминлаш учун барча шароитлар яратиб берилишини таъкидлади.
Сафар давомида Хабаровск ўлкаси сайлов комиссияси раиси Денис Кузьменко учрашув ўтказилди. Унда Хабаровск ўлкасида бўлиб турган ҳамюртларимизнинг Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида овоз беришлари учун зарур шароитларни яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Россия вакилига Ўзбекистон сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар, хорижда ташкил этилаётган сайлов участкалари, сиёсий партиялар томонидан илгари сурилаётган дастурлар ҳақида сўзлаб берилди.
Хабаровск ўлкасида Ўзбекистон фуқаролари нисбатан кўпчиликни ташкил этадиган 27 та жойда кўчма овоз бериш нуқталари ташкил этилиши режалаштирилгани маълум қилинди.
Денис Кузьменко ҳам Хабаровск ўлкаси сайлов комиссияси томонидан керакли бўлган барча ёрдам кўрсатилишини билдирди.
Ташриф давомида дипломатлар Хабаровск шаҳридаги Узоқ Шарқ давлат тиббиёт университети раҳбарияти ва ушбу университетда таҳсил олаётган ватандош талабалар билан мулоқот қилди.
Учрашувда талабаларга мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий воқеалар хусусан, тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ёш тиббиёт ходимлари учун яратиб берилаётган янги имкониятлар тўғрисида батафсил сўзлаб берилди. Шунингдек, талабалар жорий йилнинг 27 октябрь кунига белгиланган Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида фаол иштирок этишга чақирилдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон парламенти сайлови якунлари Покистон таҳлил марказлари диққат марказида