WOSCU ва Ислом цивилизацияси маркази Британиядан йўқотилган меросни Ўзбекистонга қайтарди
Май 05, 2026. 14:25 • 2 дақ
• 191
АР-РИЁЗ, 7 май. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонида жойлашган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги телерадиокомпаниялар иттифоқи веб-сайтида Британиядан Ўзбекистонга ноёб маданий бойликларнинг қайтарилгани ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистонга ноёб маданий бойликларни қайтариш жараёнида Ислом цивилизацияси маркази, Бутунжаҳон Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш жамияти (WOSCU), ЕХҲТ, шунингдек, “Art Loss Register” халқаро компанияси, Лондон полицияси ва бошқа халқаро ҳамкорлар фаол иштирок этган.
Сайтда Лондонда бўлиб ўтган Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган “Буюк Темурийлар тарихи ва маданий мероси” мавзусидаги халқаро медиа-тадбирга алоҳида эътибор қаратилган. Чунки айнан ушбу нуфузли анжуман доирасида Ўзбекистон учун муҳим воқеа – ноёб маданий бойликларнинг тантанали равишда қайтарилиши амалга оширилган.
Қайтарилган мерос таркибига Марказий Осиёнинг турли тарихий даврларига оид ўнта ноёб артефакт киритилган. Улар орасида Кушонлар даври маданиятига тегишли топилмалар, қадимий Термиз ёдгорликлари, буддавий санъат анъаналари ҳамда Суғд цивилизацияси намуналари мавжуд. Айрим буюмлар милодий II–VIII асрларга тааллуқли бўлиб, ушбу ҳудудда кечган бой маданий ва цивилизация жараёнларни ёрқин акс эттиради.
Шунингдек, қайтарилган мерос орасида Темурийлар даврига оид, Соҳибқирон Амир Темурга тегишли деб қараладиган кенотаф ҳам мавжуд. Ушбу ёдгорлик нафақат тарихий, балки илмий жиҳатдан ҳам беқиёс аҳамиятга эга.
Мазкур артефактлар Ўзбекистон ҳудудида қадимий цивилизациялар, маданий алоқалар ва тарихий тараққиёт босқичларини янада чуқурроқ ўрганиш имконини беради. Улар мамлакатнинг бой ва кўпқиррали маданий меросини халқаро миқёсда янада кенгроқ намоён этишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси