Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон маданияти ва туризмига бағишланган кеча бўлиб ўтди
Февраль 18, 2026. 10:52 • 2 дақ
• 187
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 20 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси ватандошлар билан ҳамкорликда “Қуёшли Ўзбекистонга туташган маънавият кўприклари” мавзусида маданий тадбир ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда ишбилармон доиралар вакиллари, маданият ва таълим соҳаси ходимлари ҳамда Россиянинг шимолий ҳудудларида истиқомат қилаётган ватандошларимиз иштирок этдилар. Кечадан кўзланган асосий мақсад — Ўзбекистоннинг бой анъаналари, маданияти ва улкан туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, икки томонлама бизнес ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Тадбир аввалида мамлакатимиз дипломатлари иштирокчиларни қутлаб, шаҳарлар ва халқлар ўртасидаги дўстона алоқалар изчил ривожланиб боришига ишонч билдирдилар. Шунингдек, “Ўзбек маданиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш маркази — Ўзбек диаспораси” минтақавий жамоат ташкилоти раиси Неъматжон Мамажонов ва “Кўприклар ўрнатиб” лойиҳаси раҳбари Лилиана Стрельцова соҳадаги долзарб масалалар юзасидан маъруза қилдилар.
Анжуман иштирокчиларига халқимизнинг меҳмондўстлик урф-одатлари, мамлакатимиздаги инвестиция муҳити ва инвесторлар учун яратилган янги имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Тадбир доирасида “Мальтерра” ва “Аэротур” сайёҳлик компаниялари вакиллари Санкт-Петербург аҳолиси учун махсус ишлаб чиқилган янги туристик йўналишлар ва дастурлар тақдимотини ўтказдилар.
Бу каби маданий-маърифий учрашувлар Россия ҳудудларида Ўзбекистоннинг ижобий имижини мустаҳкамлаш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси