Словакия Ўзбекистонда геологик маълумотларни рақамлаштиришни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор
Май 08, 2026. 12:57 • 2 дақ
• 124БРАТИСЛАВА, 8 май. /“Дунё” АА/. “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ ҳамда Словакиянинг Диониз Штур номидаги Давлат геология институти вакиллари ўртасида онлайн учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот жараёнида томонлар Ўзбекистонда стратегик фойдали қазилмалар ва металлургия соҳасини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Жумладан, янги конларни қидириш ва разведка қилиш, геологик маълумотларни рақамлаштириш, шунингдек, соҳага халқаро стандартларни жорий этишга тўхталиб ўтилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон томони “ЎзТМК”нинг вольфрам, молибден ва ренийни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш, шунингдек, юқори софликдаги селен ва теллур ишлаб чиқариш ва уларни чуқур қайта ишлашга оид лойиҳалари ҳақида маълумот тақдим этди.
Ўз навбатида, Словакия томони геологик архивларни модернизация қилиш, замонавий геоахборот тизимларини яратиш, захираларни баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий этиш, шунингдек, инвесторларнинг геологик маълумотлардан шаффоф тарзда фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунлари бўйича ишчи алоқаларни давом эттириш, тақдимот ва техник материаллар алмашиш ҳамда экспертлар маслаҳатлашувларини ўтказиш юзасидан келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


