Мозори Шарифда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги нишонланди
Сентябрь 13, 2026. 14:04 • 2 дақ
• 13МОЗОРИ ШАРИФ, 13 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мозори Шариф шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Бош консулхонаси ташаббуси билан ташкил этилган маросимда Балх вилояти маъмурияти, Россия, Қозоғистон, Туркия, Покистон, Эрон дипломатик ваколатхоналари, БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси идораси, Савдо-сармоя палатаси, маҳаллий ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги ютуқлари, амалга оширилаётган ислоҳотлар, иқтисодий тараққиёт, халқаро алоқаларнинг кенгаяётгани ва қўшни мамлакатлар билан муносабатлар мустаҳкамланаётгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон–Афғонистон ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 2025 йилга бориб ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1,6 миллиард доллардан ошириш, кейинчалик бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш устида иш олиб борилаётгани таъкидланди.
Балх вилояти маъмурияти вакили вилоят ҳокимининг табрик мактубини ўқиб эшиттирди. Унда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳамда икки халқнинг умумий маданий-тарихий мероси алоҳида қайд этилган.
Афғонистонлик тадбиркор, маҳаллий ўзбек зиёлилари вакили Абдулқодир Ҳамидий ўзбек халқини мустақиллик юбилейи билан табриклаб, Афғонистонга кўрсатилаётган гуманитар ёрдам учун миннатдорлик билдирди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар бир-бирларини қутлаб, эзгу тилаклар билдирди. Маросим маҳаллий “Arezu” ва “Shamshad” телеканаллари томонидан кенг ёритилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

