Рамазон ойи муносабати билан Берлинда ифторлик дастурхони ёзилди
Март 13, 2026. 10:30 • 4 дақ
• 223
БЕРЛИН, 13 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг элчихонаси томонидан Германияда истиқомат қилаётган ватандошларимиз иштирокида ифторлик дастурхони ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ватандошлар билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда Фарғона шаҳар “Хўжамбердибой” масжиди имом хатиби Турсунзода Ҳусниддин домла ва Андижон шаҳар “Боботаваккул” масжиди ноиб имоми Муҳаммаджон қори Хўжаевлар қатнашишди.
Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан ташкил этилган тадбирда ГФРда яшаб, илм-фан йўналишида тадқиқот олиб бораётган, турли соҳаларда фаолият юритаётган ва таҳсил олаётган қарийб 100 нафар ватандош қатнашди. Тадбир миллий ва маънавий қадриятларни асраб-авайлаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, шунингдек, фуқаролик масъулияти ва ватанпарварлик туйғусини юксалтиришга қаратилди.
Маънавий-маърифий тадбирни қутлов сўзи билан очар экан, элчи Дилшод Ахатов Президентимиз раҳнамолигида хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш борасида катта ишлар амалга оширилаётганини қайд этди. Дипломат ўз нутқида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, эҳтиёжманд қатламларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталди. Шунингдек, барча чет элдаги ўзбекистонликлар давлатимиз эътиборида ва ҳимоясида эканлиги, элчихона эса ҳар доим ҳар қандай масалада ватандошларни эшитиш ва қўллаб-қувватлашга тайёрлигини қайд этди.
Ўзбекистондан келган имомлар ўз маърузаларида Рамазон ойининг маънавий фазилатлари ва юртимиздаги диний ислоҳотлар ҳақида сўз юритдилар. Хусусан, Муқаддас Рамазон ойи - меҳр-оқибат, шукроналик ва эҳтиёжмандларга кўмак бериш орқали инсон қадрини улуғлаш вақти экани таъкидланди. Хусусан, Ислом динидаги инсонпарварлик, меҳр-мурувват, саховат ва шукроналик ғояларини тарғиб қилиш масалаларига эътибор қаратилди. Бу ўзгаришлар аждодлар меросини ўрганиш ва жамиятда аҳилликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Улар бугунги таҳликали нотинч вазиятда ёшларнинг янада сергаклик ва огоҳликка чақирдилар. Муборак Рамазон ойи файзи ва баракаси ҳар бир хонадонга кириб, қалбларга меҳр-оқибат, бағрикенглик ва шукроналик туйғуларини улашаётгани қайд этилди. Бу ой – нафақат ибодат, балки инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжмандларга кўмак бериш, жамиятда аҳиллик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ойи экани айтиб ўтилди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирда диний, маънавий-маърифий мавзуларда берилган саволларга атрофлича жавоб берилди. Шунингдек, диний бағрикенглик ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Бундан ташқари, фуқароларимиз элчихона дипломатлари билан мулоқот қилишди. Унда ўзларини қизиқтирган масалаларда савол-жавоблар бўлиб ўтди. Консуллик масалалари бўйича берилган саволларга дипломатия ваколатхона консули етарлича жавоб бериб, юртдошлардан мезбон мамлакатнинг ички ва айниқса, миграция қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилиш лозимлиги ва элчихона фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши, уларни қўллаб-қувватлашини айтди.
Тадбир сўнгида ватандошлар учун ифторлик дастурхони ёзилди. Тадбирга келган юртдошларимиз ўзаро суҳбатларда Рамазон ойи давомида Ўзбекистон ҳукумати ва халқининг эътибори ва ғамхўрлигини доимий равишда ҳис этаётганларини мамнуният билан қайд этдилар.
Тадбир якунида айрим ватандошлар тадбир ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.
“Давра” ўзбек-олмон жамияти раиси Анвар Шерматов:
- Мен 26 йилдан буён Берлин шаҳрида истиқомат қиламан. Шу ерда таълим олганман ва бугунги кунда туризм ҳамда хорижликларга тил ўргатиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаман. Мамлакатимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида муқаддас Рамазон ойи муносабати билан ташкил этилган ифторлик тадбири биз, хориждаги ватандошларда катта мамнуният уйғотди. Ватанимиздан келган имомлар ва юртдошларимиз билан бир дастурхон атрофида жам бўлиб, барчамиз учун долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш имконига эга бўлдик. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари ҳамда тадбир ташкилотчиларига Европадаги ватандошлар номидан чуқур миннатдорлик билдираман. Келгусида ҳам ана шундай маънавий-маърифий тадбирлар изчил давом этишига умид қилиб қоламиз.
Берлиндаги бошланғич синфлар мактаби ўқитувчиси Алишер Қодиров:
- Элчихона томонидан ташкил этилган ифторлик менда жуда илиқ таассурот қолдирди. Унда мамлакатимиз элчиси ва имомларнинг маърузаларидан Ўзбекистондаги ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган имкониятлар ва таълим масалалари хусусида қизиқарли маълумотлар олдик. Бундай тадбирлар Ватан билан маънавий боғлиқликни янада мустаҳкамлайди. Шунингдек, элчихонамиз томонидан ватандошларни қўллаб-қувватлаш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ёшларни янада фаол бўлишга ундаш борасида амалга оширилаётган ишлар биз учун катта руҳий таянчдир. Буни ҳар бир учрашувда чуқур ҳис этамиз. Хорижда орттирган билим ва тажрибамни келгусида юртимиз равнақига бағишлашни истайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси