Мисрнинг юзга яқин дори воситаси Ўзбекистонда маҳаллийлаштирилади
Март 18, 2026. 15:45 • 2 дақ
• 80
ТОШКЕНТ, 18 март. /“Дунё” АА/. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов, Ўзбекистоннинг “Дентафил” компанияси ҳамда Мисрнинг “ACDIMA” фармацевтика гуруҳи раҳбарияти ўртасида онлайн мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокараларнинг бош мавзуси икки мамлакат корхоналари ўртасида ишлаб чиқариш борасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш, технологиялар трансфери ва юзга яқин дори воситаларини Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш масалалари бўлди.
Томонлар ҳамкорликнинг навбатдаги босқичида мисрлик ишлаб чиқарувчилар ва мутахассислардан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олди. Ташриф доирасида маҳаллий корхоналарнинг технологик имкониятлари ўрганилади ва ишлаб чиқариш учун устувор бўлган маҳсулот турлари белгиланади.
Лойиҳанинг стратегик мақсади сифатида 2030 йилга қадар мамлакатимизда дори воситаларини маҳаллийлаштириш даражасини 40 фоизга етказиш белгиланган. Шу муносабат билан, молиявий таклифлар ва иқтисодий ҳисоб-китобларни тайёрлашда халқаро тажрибадан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Миср томони лойиҳани амалга оширишда ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини билдириб, Ўзбекистон делегациясини Қоҳирадаги ишлаб чиқариш объектлари билан танишиш учун таклиф этди.
Учрашув якунида ҳамкорликнинг амалий босқичларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида яқин кунларда навбатдаги онлайн мулоқотни ўтказиш бўйича келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси