Logo

Ўзбекистон вакили Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Тошкентдан Москвагача веломарафон уюштирди

Апрель 30, 2025. 18:48 • 2 дақ

127
Ўзбекистон вакили Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Тошкентдан Москвагача веломарафон уюштирди

МОСКВА, 30 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистонлик опера хонандаси ва велоспортчи Хурсанд Шеров Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигига бағишлаб Тошкентдан Москвага веломарафон ташкил этиш ташаббуси билан чиқди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Тошкент-Москва" велопойгасидан кўзланган мақсад 3800 километр масофани босиб ўтиш, муҳим тарихий жойларни зиёрат қилиш ва 9 май куни Россия пойтахтида ўтказиладиган байрам тадбирларида иштирок этадиган фахрийларга эсдалик совғаларини топширишдан иборат.

Тошкентдан велопойгани бошлаган Хурсанд Шеров ўзи билан халқлар дўстлиги рамзи сифатида генерал Собир Раҳимов портретини олиб кетди. Велосипедчи камзулига Россия ва Белорусда ҳам хотираси ёдга олинган ва улуғланган Ўзбекистон қаҳрамонларининг портретлари ёпиштирилган. Қайд этиш жоизки, веломарафон март ойи бошида Тошкентда бошланган бўлиб, йўлда унга қозоғистонлик Жумабай Ўтаргалиев ва Қайрат Иргизбоев қўшилди. 27 март куни велосипедчилар Байқўнғирга (Қозоғистон) етиб келди. У ерда пойгачиларни шаҳар маъмурияти раҳбари Константин Бусигин кутиб олди ва "Бойқўнғирга 70 йил" эсдалик медалини топширди.

Велосипедчилар Россиянинг бир қатор шаҳарлари – Оренбург, Самара, Ульяновск, Пенза ва Рязанда ҳам бўлишди.

Максим Горький номидаги Рязань вилоят кутубхонасида ушбу шаҳардаги "Олмаз" ўзбек миллий-маданий автономияси фаоллари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, талабалар ва мактаб ўқувчилари веломарафон иштирокчиларини кутиб олди.

Тадбир иштирокчилари халқлар ўртасидаги дўстлик, тарихий хотирани асраб-авайлаш, авлодлар ўртасидаги боғлиқликни таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар. Йиғилганлар эътиборига Тошкентдаги "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуаси ҳақидаги видеоролик намойиш этилди.

Веломарафон иштирокчилари Рязань шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари хотирасига атаб ўрнатилган ёдгорлик пойига гул қўйдилар ва Россия пойтахти томон йўлга чиқдилар. Умумий узунлиги 3800 километр бўлган ушбу веломарафон 9 май куни Москвадаги Қизил майдонда якунланиши режалаштирилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш