Ченнаи шаҳрида Ўзбекистон–Ҳиндистон давра суҳбати бўлиб ўтди
Апрель 18, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 176
ЧЕННАИ, 18 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси Ҳиндистон саноат конфедерациясининг (Confederation of Indian Industries – CII) Тамилнад штатидаги минтақавий бўлими билан ҳамкорликда Жанубий Ҳиндистоннинг асосий саноат ва технологик марказларидан бири бўлган Ченнаи шаҳрида давра суҳбати ташкил этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор бўлган Ҳиндистон ишбилармон доиралари вакилларини бирлаштирди.
Элчи Сардор Рустамбоев мамлакатимиз иқтисодий тараққиётининг асосий кўрсаткичлари ҳамда қулай ишбилармонлик муҳити яратишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлаб берди. Дипломат инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш шартлари ва чет эллик самоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларига алоҳида эътибор қаратди.
Тақдимот доирасида Ўзбекистондаги махсус иқтисодий зоналар ва саноат паркларида фаолият юритишнинг афзалликлари батафсил баён этилди. Ҳиндистонлик тадбиркорлар солиқ имтиёзлари ва преференциялар, шунингдек, хорижий компанияларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида тўлиқ маълумот олди.
Ҳиндистон бизнеси вакиллари турли соҳаларда кооперация алоқалари ўрнатишга катта қизиқиш билдирди. Автомобилсозлик ва машинасозлик, фармацевтика, тўқимачилик саноати, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект, муқобил энергетика, таълим ва бошқа тармоқлар шерикликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.
Томонлар амалий саноат лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратди. Ҳиндистон компаниялари Ўзбекистонда автомобиллар учун бутловчи қисмлар, дронлар ва сенсорлар, шунингдек, бозорда талаб юқори бўлган бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш истиқболларига урғу берди.
Интерактив шаклда ўтган анжуманда ҳиндистонлик тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволлар, жумладан, Ўзбекистонда бизнес юритишнинг амалий жиҳатлари бўйича батафсил жавоблар олди.
Давра суҳбати якунида барча иштирокчи компаниялар жорий йил июнь ойида бўлиб ўтадиган V Тошкент халқаро инвестиция форумига таклиф этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси