Logo

Покистондан муносабат: “Лазги” фестивали маданий дипломатия учун муҳим платформа вазифасини ўтайди

Апрель 29, 2026. 08:15 • 3 дақ

405
Покистондан муносабат: “Лазги” фестивали маданий дипломатия учун муҳим платформа вазифасини ўтайди

ИСЛОМОБОД, 29 апрель. /“Дунё” АА/. Хива шаҳрида ўтказилаётган “Лазги” III халқаро рақс фестивали иштирокчиси, Ўзбекистоннинг Покистондаги туризм бренди элчиси Ҳамид Маҳмуд Чаудри “Дунё” АА мухбирига тадбир ҳақида ўз фикрларини билдирди:

– Тарихий Хива шаҳрида ўтказилаётган ушбу нуфузли фестивалда қатнашиш ва уни ўз кўзим билан кўриш имконига эга бўлганимдан чин дилдан фахрланаман. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатингизда туризм, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Лазги” фестивали каби халқаро маданий тадбирлар юксак даражада ташкил этилиб, жаҳон миқёсига олиб чиқилмоқда.

Давлатингиз раҳбарининг фестиваль иштирокчиларига йўллаган табриги маданият, хусусан, рақс санъати миллатлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлайдиган, тинчлик ва бирдамликни тарғиб этувчи қудратли восита эканини чуқур англашини намоён этади.

“Лазги” фестивали шунчаки маданий тадбир эмас, балки Ўзбекистоннинг бой маънавий мероси, уни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш йўлидаги саъй-ҳаракатларининг ёрқин ифодасидир.

Шунингдек ўқинг

Ўзбек миллий рақс санъатининг дурдонаси бўлган Лазги ўзбек халқининг қалб туйғулари, тарихи ва руҳини ўзида мужассам этган ноёб санъат намунасидир. Фестиваль доирасида намойиш этилаётган рақс чиқишларини кузатар эканмиз, ушбу қадимий санъат тури бугунги кунда ҳам авлодлар ўртасида илҳом манбаи бўлиб хизмат қилаётганини, инсонларни яқинлаштириб, уларни бир мақсад атрофида бирлаштираётганини ҳис этиш мумкин. Маҳаллий ва хорижий санъат усталарининг фаол иштироки эса фестивалга янада кенг мазмун бағишлаб, уни ҳақиқий глобал санъат байрамига айлантирмоқда.

Ишонч билан айтиш мумкинки, “Лазги” фестивали маданий дипломатияни ривожлантиришда муҳим платформа вазифасини бажармоқда. У турли мамлакатлар ўртасида мулоқот, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни, айниқса Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Туризм нуқтаи назаридан қараганда, бундай фестиваллар Ўзбекистонни ўзига хос ва жозибадор сайёҳлик йўналиши сифатида дунёга танитишда муҳим аҳамият касб этади. Улар нафақат Хива каби тарихий шаҳарларнинг бетакрор меъморий қиёфасини, балки мамлакатнинг бой ва ранг-баранг маданий ҳаётини ҳам намоён этади. Айниқса, Покистонлик сайёҳлар учун бу Ўзбекистонни янада яқиндан, чуқурроқ англаш ва кашф этиш учун ноёб имкониятдир.

Фикримча, “Лазги” фестивали келгусида ҳам нуфузли халқаро маданий бренд сифатида изчил ривожланиб, жаҳоннинг турли бурчакларидан сайёҳлар, санъаткорлар ва маданият ихлосмандларини ўзига жалб этишда давом этади. Мен ушбу илҳомбахш байрамнинг бир қисми бўлганимдан мамнунман ва Ўзбекистоннинг бой маданий меросини халқаро майдонларда тарғиб қилишда иштирок этишни интизорлик билан кутаман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш