Logo

Индонезиялик тадбиркорлар билан ҳамкорлик лойиҳалари бўйича дастлабки келишувларга эришилди

Февраль 05, 2026. 17:14 • 2 дақ

120
Индонезиялик тадбиркорлар билан ҳамкорлик лойиҳалари бўйича дастлабки келишувларга эришилди
Индонезиялик тадбиркорлар билан ҳамкорлик лойиҳалари бўйича дастлабки келишувларга эришилди

ЖАКАРТА, 5 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиздаги “BMB Holding” компанияси таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Жакарта шаҳрида Индонезиянинг қатор йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқотлар доирасида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ўзаро манфаатли савдо алоқаларини йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган “Arena Agro Adalan” компанияси президенти Виянто Алламшох билан Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, шиша идишлар ишлаб чиқариш, мева-сабзавот маҳсулотларини қадоқлаш ва экспортини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув натижасига кўра, индонезиялик тадбиркорнинг Ўзбекистонга амалий ташрифини ташкиллаштириш ҳамда мамлакатимизда мавжуд салоҳият ва имкониятлар таҳлили асносида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.

“Vortech Corp FZCO” компанияси президенти Фархан Маендри ва “Xikma Albros” ширкати раҳбари Жай Абдулла Алатас билан суҳбатда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, Ўзбекистон маҳсулотларини Индонезия бозорига олиб чиқиш, икки томонлама савдо айланмаси кўрсаткичларини ошириш каби мавзулар юзасидан фикр алмашилди. 

Мулоқот якунида Жиззах Эркин иқтисодий зонаси ҳудудида “Xikma Albros” компанияси билан ҳамкорликда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувга эришилди. Режага кўра, Жиззах вилоятида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона барпо этиш кўзда тутилган.

“Vortech Corp FZCO” компанияси президенти билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳамда “BMB Za’faron Premium” бренди остида Жакарта шаҳрида ўзбек миллий таомлари ресторанини таъсис этиш масалалари муҳокама қилинди.

Индонезия Озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқариш уюшмаси раиси Адхи Лукман билан Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Индонезия бозорига етказиб бериш, экспорт ҳажмларини ошириш, икки мамлакат ўртасида барқарор ва рақобатбардош логистика йўналишлари ва транспорт йўлакларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувлар якунида табдиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, Индонезия тадбиркорларининг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш