Ўзбекистон ва Сент-Люсия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди
Сентябрь 11, 2025. 10:28 • 41 сония
• 1048
НЬЮ-ЙОРК, 11 сентябрь. /"Дунё" АА/. Кеча Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон билан Сент-Люсия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ҳужжатни икки давлат ҳукуматлари номидан Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Сент-Люсиянинг БМТдаги доимий вакили Менисса Рамбали имзолади.
Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини топиш учун икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Кариб ҳавзаси мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштиришда муҳим қадам бўлди.
Шу тариқа, Кариб денгизининг шарқий қисмида жойлашган Сент-Люсия орол давлати Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 163-давлат бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2025 йил 10 июль куни Африкадаги Эритрея мамлакати билан дипломатик муносабатлар ўрнатган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси